Истеъмолчига етказилган моддий зарар қопланди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Х.Абдуллаеванинг хонадони учун сотиб олиниб, усталар ёрдамида хонадон томига ўрнатилган шиферлардан айримларини орадан маълум вақт ўтгач ёрила бошлаганлиги юзасидан шикояти ўрганилди.

Шикоят муаллифига кўра, улар томонидан «Қувасой хризотил шифер» корхонасида ишлаб чиқарилган 300 дона шиферни ҳар бирини 40 минг сўмдан, жами 12 млн сўмга сотиб олинган. Шиферлар томга ўрнатилгач, орадан маълум вақт ўтгач хонадон эгалари шиферларда ёриқлар пайдо бўла бошлаганлигини сезиб қолганлар ҳамда бу ҳақда ўз эътирозлари билан корхона масъулларига мурожаат қилишган.

Корхонадан ташриф буюрган мутахассислар 70 та шиферда нуқсон кузатилганлиги (ёрилишлар мавжудлиги) ҳоалти юзасидан далолатнома тузиб, корхона нуқсонли маҳсулотларни алмаштириб беришини тушунтириб кетган. Лекин алмаштириш ишлари кечикавергач истеъмолчи бу ҳақда Федерация тизими ташкилотларига мурожаат қилган.

Шаҳар жамияти мутахассислари томонидан мурожаатни ўрганиш вақтида нуқсонлар жами 100 та шиферда кузатилганлиги қайд қилинди. Корхона вакили иштирокида ўтказилган ўрганиш давомида олиб борилган қайта ҳисоб-китоблар натижаси билан эса, корхона томонидан истеъмолчига нуқсонли 100 та шифер маҳсулотлари учун 4 млн сўм, уларни томга ўрнатиш ишлари сарфланган 2 млн уста ҳақи, жами 6 млн сўм моддий зарар суммаси қоплаб берилишига эришилди.

Азаматжон БАБАЕВ, Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси