Мустақил туризм — туристлар томонидан туроператорлар ва турагентлар иштирокисиз мустақил равишда ташкил этиладиган саёҳат (“Туризм тўғрисида”ги қонун, 3-модда, 18.07.2019 йилдаги ЎРҚ-549-сон)
Соддадан мураккабга …Бирор-бир бир жойда туризмнинг ҳар қандай шакллари кенг ривож топиши учун ўша жойнинг туризмга хизмат қилувчи инфратузилмаси, энг аввало, туристлар тартибли гуруҳларининг эмас, балки мустақил туризмнинг нуқтаи назаридан келиб чиқиб шакллантирилиши керак, деб ҳисоблайман. Яъни туризм билан боғлиқ инфраструктура: йўллар, кўрсаткичлар, меҳмонхоналар, транспорт, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини топиш, улардан фойдаланиш, бир жойдан иккинчи жойга кўчиш билан боғлиқ ҳаракатлар туристнинг ўзи томонидан, мустақил, мутахассис (гид) ёки ўзгаларнинг ёрдамисиз амалга ошира олинадиган даражада бўлишига интилиш керак. Қуйида билдириладиган фикрлар шахсий кузатувлар асосида шаклланган субъектив қарашларни ўз ичига олишини эслатиб ўтишни жоиз деб биламан ва тезкор замонамизда агар қайсидир билдирилган фикр ёки таклиф бўйича ишлар амалга ошириб бўлинган ёки амалга ошириш бошланган бўлса ҳам, каминани маъзур тутгайсиз.
Биз юртимизда туризмни ривожлантиришда бу соҳада илғор давлатлар тажрибасидан андозалар олишимиз, улардан амалиётда фойдаланишимиз мумкин ва бу, албатта, тўғри. Лекин хориж тажрибасини барча бирдек ва тўғри қўллай олиши учун аҳолида шунга мос равишдаги билим ва тажриба ҳам талаб қилинади. Соатдаги қайсидир механизмнинг ишдан чиқиши ёки талаб даражасида ишламаслиги соат ўз асосий функциясини бажара олмаслигига олиб келиши ёки вақтни кўрсатишда чалкашликларни келтириб чиқарганидек, тегишли билим ва тажрибага эга бўлмаган одамлар оммасининг муайян бир соҳада илгари сурилаётган янгиликни, янги ғояни, янги иш усулини амалиётда ишлата олмаслиги, кейинчалик уни бегона, ортиқча, керакмас буюмдек назардан четда қолиб кетишига ҳам олиб келиши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун эса туризм инфратузилмасини соддадан мураккабга усулида шакллантирилиши ўзининг ижобий натижасини кўрсата олади, деб ўйлайман.
Ҳар нарсанинг фойдаланилиши, амалиётда кенг қўлланиши, тушуниб олиниши учун содда бўлишига эътибор қаратиш муҳим. Масалан, одамлар бир қарашда ажратиб оладиган, узоқдан ҳам фарқлай оладиган ранглардан унумли фойдаланишни олайлик. Мен бу каби ёндашувни Жанубий Корея Республикасида бўлганимда Сеул метросида кўргандим. Муайян йўналишга берилган рангдан метронинг нафақат харитасида, балки ўша йўналишга тааллуқли ёзувлар, кўрсаткичларда ҳам фойдаланилиши, Сиз ўзингиз учун керак бўлган йўналишда ҳаракатланаётганлигингизни билдириб туради.
Демак, туризм билан боғлиқ инфратузилмани ташкилланишида рангларнинг одам томонидан тез илғаниши ва берилмоқчи бўлган ахборотни тез қабул қилинишида муҳим роль ўйнашидан келиб чиқилиши керак.
Бепул реклама
Бугун ҳар кимнинг қўлида мобил телефон. Меҳмонхона, ошхона, тарихий обида, музей, қўйингки туризмга боғлиқ бўлган ва ҳатто бўлмаган бирор объектга ташриф буюрган меҳмонларнинг аксарияти шу ерларда олган фотоларини телефон хотирасига муҳрлашга, шу вақтни ўзида ушбу фотоларни ва ўзининг олган таассуротларини ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларига жойлашга, дўстлари, яқинлари билан бўлишишга интилади. Биргина мисол. Асосан фойдаланувчилар фотоларини жойлаб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб, постлар қолдирадиган ижтимоий тармоқлардан фейсбук ёки инстаграмда фойдаланувчи айни вақтда қаердалигини ҳам постига илова қилиши (локация ёки местоположениени белгилаши) тарқатилаётган постнинг таъсирчанлигини оширади ва кенгроқ тарқалишига замин яратади. Шундан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз постларига жой ўрни (местоположение)ни ҳам белгилашга интиладилар. Бу нарса нафақат ижтимоий тармоқ фойдаланувчисига манфаатли, ўша объектларни бепул реклама қилинишига ҳам сабаб бўлади. Лекин бугунги кунда мамлакатимиздаги барча туристик объектларда ҳам ижтимоий тармоқларда қўйиладиган постларга жой ўрнини белгилашни, илова қилишни имконияти йўқ.
Мусиқанинг сеҳрли кучи
Қулоқларимиз юқори децибелли, гумбира-гумбир мусиқаю қўшиқларга мослашиб қолган бўлсада, лекин ҳали одамзот қалбининг туб-тубида паст оҳангдаги, жонли ижро этиладиган мусиқани, жонли овозда ижро этиладиган қўшиқни эшитишга иштиёқ сўниб улгурмаган деб ўйлайман. Шундан бўлса керак, чақалоқлар ҳозирги шиддатли замонда туғилган бўлишларига қарамасдан онасининг жонли ижродаги алласини эшитиш асносида, ҳали ҳануз уйқуга бас кела олмаяптилар. Ошхонаю емакхоналар эгалари кўпроқ мижозларни жалб қилишда жонли мусиқаю қўшиқнинг магнитдек ўзига тортувчи хусусиятидан фойдалансалар бўлмайдими? Бу нафақат турист жалб қилиш, балки янги иш ўринлари, янги-янги талантларни, ўрин олмаганлар норози бўлиб юрадиган танловларда эмас, балки ҳақиқий шинавандаларнинг синовларидан ўтиб, эл ичидан етишиб чиқишига имконият ҳамдир.
Миллий мусиқаларимиз тарихий обидалар (балки зиёратгоҳ жойларни бунга қўшиб бўлмас) ҳудудларида ҳам, паст овозда, ёқимли бўлган товуш баландлигида тинимсиз янграб турмоғи керак. Ва такрор айтиш керакки, репертуарда фақат миллий, классик мусиқалар бўлиши керак. Фақат бунда туристик объектнинг битта жойига қўйилган овоз кучайтиргич (динамик) билан керакли самарага эришиб бўлмайди, сабаби мусиқани бутун объект бўйлаб етказиб берилиши учун жуда катта товуш баландлигидан фойдаланишга тўғри келади ва бу керксиз шовқин-суронни келтириб чиқаради. Кўплаб кичик-кичик динамикларни объектнинг бутун майдони бўйлаб жойлаштирилиши билангина тегишли самарага эришиш мумкин.
Харассмент бўйича тушунча шартми?
Айрим давлатлар ўз юртларига ташриф буюраётган туристларнинг бир соатгина вақтларини олиб, уларга харассмент, яъни ерли халқ нималарни ёқтиради, нималарни ёқтирмайди, бу ерда қандай ҳаракатларни қилиш ножоиз, агар сизга нисбатан қандайдир ҳаракатларни қилинса, бу ҳурмат маъносини англатиши ва ҳакозо масалаларда қисқагина тушунтириш бериб қўядилар. Айтайлик, боласи билан рўпарангиздан чиққан инсоннинг қўлидаги боласига қандайдир кулгили ҳаракатлар қилиш, уни юзидан чимдиб қўйиш, пешонасидан ўпиб қўйиш каби ҳаракатлар бизда тўғри қабул қилинса, қайсидир халқларда ёки давлатларда нотаниш шахснинг бундай ҳаракатлари болага нисбатан тажовуз сифатида қабул қилиниши мумкин.
Мамлакатимизнинг ўзидаям ҳудудлар аҳолисининг турли-турли урф одатлари кўп. Қайсидир ҳудудимизда бир ҳолат тўғри қабул қилинса, қайсинисида эса қабул қилинмаслиги мумкин. Шу нуқтаи назардан, мамлакат учун умумлашган битта (четдан келаётган туристлар учун) ва одатлар кескин фарқ қиладиган ҳудудлар учун ҳам алоҳида шундай қоидалар ёки кўрсатмалар мажмуаси ишлаб чиқилиб, ўша ҳудудга кириш олдидан меҳмонларга қисқача тушунтиришлар бериб қўйилса, бу нарса меҳмон ва маҳаллий аҳолини бир-бирига меҳрини янада оширган, туризмниям самаралироқ бўлишини таъминлаган бўлар эди.
Бугун жаҳон тиллари ичида энг зарури бу инглиз тили. Ушбу тилни эгаллаган одам дунёнинг исталган давлатига борса, кўчада қолиб кетмайди. Шу нуқтаи назардан, ҳам дунёнинг турли бурчакларидан келаётган барча туристларнинг кўнглини бирдай топиш, ҳам аҳолимизниям бу тилга ўргатишни йўлга қўйиш учун кўча-куйдаги жойлар, корхона, ташкилотлар номлари ва бошқа кўрсаткичлар давлат (ўзбек) тилида ёзилиб, таржимаси инглиз тилида такрорланиши бизга бир ўқ билан иккита қуённи уриш имкониятини беради, дейиш мумкин. Бунда турист ўз манзилини қийналмай топса, ошхона, нонвойхона, кўча, уй ва ҳакозо сўзларни инглизчасини ҳар кун ҳар соатда кўраверган аҳолимизнинг ҳам ўша тилдаги сўзлар бўйича луғат бойлиги ошиб боради ва тилни умумий асосларда ўзлаштирилишига замин яратилади.
Колл-центр зарур
Фақат туризм масаларида (туристларга маслаҳатлар, тезкор ёрдам кўрсатиш, тушунтириш ва йўл-йўриқлар кўрсатиш ва ҳ.к.) фаолият олиб борувчи ҳамда 24 соат фаолият кўрсатувчи ягона колл-центр зарур. Колл-центрга қўнғироқ қилиш бепул бўлиши ва бу рақам тезкор хизматлар (милиция, тез ёрдам, фавқулодда ҳолат хизматлари) каби телефон баланси ноль бўлганда ҳам қўнғироқни амалга ошира олиш имкониятида бўлиши мақсадга мувофиқдир. Колл-центр энг камида 3 та тилда (ўзбек, инглиз, рус тилида) меҳмонларга маслаҳатлар бера олиши керак. Масалан Жанубий Кореяда бундай колл-центлар туристларга 19 тагача тилда ёрдам кўрсата олади.
Хулоса ўрнида
Мавзу юзасидан билдираётган фикрларимнинг ниҳоясида юқоридагиларни умумлаштирган ҳолда, қуйидагича хулосалар қилиш мумкин. Бир ҳудудда туризм учун қанчалик шароит яратилганлиги бўйича аниқ хулосаларни чиқариб олиш учун маҳаллий тилларни умуман билмайдиган туристни ўша ҳудуд бўйлаб мустақил саёҳатга қўйиб юбориш кифоя.
Агар юқорида санаб ўтилган таклифлар ўрни-ўрнида ташкилланган бўлса, у ўша ҳудудни ўз кучи билан айланиб, ўзига керакли манзилларни топиб, маҳаллий аҳолиданам ўзига дўстлар орттириб, Эверестни забт этган алпинистдек таассуротлар билан юртига қайтади.