Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноятлар аҳоли соғлиғига, жамиятнинг иқтисодий ва маънавий негизига жиддий таҳдид солади, оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, бошқа ижтимоий муаммолар келтириб чиқаради.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш деганда, уларни Ўзбекистон Республикаси Қонунларида белгиланган шарт ва тартибни бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (олиб чиқиш), транзит тарзида ўтказиш, сақлаш, бериш, реализация қилиш, тақсимлаш, олиш, ташиш, жўнатиш, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, улардан фойдаланиш ва уларни йўқ қилиш, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш тушунилади.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари психотроп моддалар ўтказиш мақсадини кўзламай оз миқдорда қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун айбдорлар барча ҳолларда маъмурий жавобгарликка тортиладилар. Агар мазкур ҳаракатлар ўтказиш мақсадини кўзлаб содир этилса, қилмиш Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг 1-қисми билан квалификация қилинади.
Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш деганда, уларни турлича усулда ҳақ эвазига ёки текинга (сотиш, ҳадя этиш, алмаштириш, қарзи эвазига ёки қарз сифатида ва ҳ.к.) бошқа шахсга бериш тушунилиши лозим. Бунда воситалар, моддалар, ўсимликлар шахс томонидан бевосита ёки бошқа (масалан, улар сақланадиган жой ҳақида хабар бериш, шартлашилган жойга қўйиб кетиш) усулда амалга оширилиши мумкин.
Бир шахс томонидан бошқасига гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни инъекция (укол) қилиш, агар мазкур восита ёки модда истеъмолчининг ўзига тегишли бўлса ва инъекция унинг илтимосига кўра қилинган бўлса, қонунга хилоф равишда ўтказиш деб баҳоланиши мумкин эмас.
Шахснинг гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг тегишли қисми билан жавобгарлик уларнинг миқдори билан боғлиқ ҳолда келиб чиқади.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни сотиш усулида кўп миқдорда ўтказиш уларни ўтказишнинг энг ижтимоий хавфли кўриниши ҳисобланиши туфайли, мазкур қилмиш Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг 5-қисми билан квалификация қилинади. Мазкур восита ёки моддаларни кўп миқдорда бошқа барча усулларда ўтказиш Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг бошқа тегишли қисми билан жавобгарлик келиб чиқишига сабаб бўлади.
Айбдор томонидан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг фақат бир қисми сотилиб, қолган қисми кейинчалик суриштирув ёки дастлабки тергов давомида аниқланса, жавобгарлик қонунга хилоф равишда ўтказиш ва қонунга хилоф равишда сақлаш учун алоҳида-алоҳида (агар мазкур восита ва моддаларни ўтказишга нисбатан қасд аниқланмаган бўлса), уларнинг миқдорига боғлиқ равишда келиб чиқади.
Шахснинг гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни анча, кўп, жуда кўп миқдордаги чет эл валютаси эвазига ўтказишга қаратилган ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖК 177-моддасининг тегишли қисми билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди, чунки мазкур модда валюта қимматликларини тўлов воситаси сифатида эмас, балки ушбу қимматликларнинг ўзини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун жавобгарликни назарда тутади, бундан ташқари, шахснинг ғараз мақсадда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар ниқоби остида қандайдир бошқа восита ёки моддаларни ўтказишда ифодаланган ҳаракатлари фирибгарлик сифатида, олувчининг ҳаракатлари эса-гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда олишга суиқасд сифатида квалификация қилиниши керак.
Шунингдек, агар шахс гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни олувчига, аслида мазкур восита ёки моддаларнинг эгаси бўлган бошқа шахснинг илтимоси (топшириғи) бўйича берса, уларни бераётган шахснинг ҳаракатлари, башарти у берилаётган нарсанинг хусусияти тўғрисида аниқ билган бўлсагина, мазкур восита, моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказишда биргаликдаги бажарувчи сифатида квалификация қилиниши лозим.
Айбдорда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказишга (Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг 1, 2, 3 ва 5 қисмлари) қасд мавжудлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда, бундай восита ёки моддалар ҳақиқатдан ўтказиш мақсадида тайёрлаб қўйилганлигига оид далиллар мажмуидан келиб чиқиш лозим бўлади. Бундай далилларга, масалан, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар фақат истеъмол қилинишини истисно этадиган миқдорда топилганлиги, бундай восита ёки моддалар муайян дозада (ўлчамда) қадоқланганлиги, улар ташиш ёки жўнатишда махсус махфий жойга яширилганлиги, уларни тайёрлаш учун асбоб-ускуналар мавжудлиги, экспертизанинг айбдор гиёҳванд эмаслиги тўғрисидаги хулосаси ва бошқалар киради. Иш бўйича аниқланган ҳақиқий ҳолатлардан келиб чиқиб, айбдорнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖК 25-моддасининг 1 ёки 2-қисми ва ЖК 273-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниши керак.
Шахснинг Ўзбекистон Республикаси ЖК 270-моддаси 2-қисмининг “а” банди, ЖК 271-моддаси 2-қисмининг “а” банди, ЖК 273-моддаси 3-қисмининг “а” банди, ЖК 274-моддаси 2-қисмининг “а” банди, ЖК 276-моддаси 2-қисмининг “б” банди билан жиноий жавобгарлиги, у муқаддам гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятини бирон-бир тарзда содир этган жинояти учун судланган ҳолдагина келиб чиқади. Агар шахс муқаддам содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликдан озод этилган ёки судланганлик ҳолати тугалланган ёинки қонунда белгиланган тартибда олиб ташланган бўлса, қилмиш мазкур белги билан квалификация қилиниши мумкин эмас.
Қонунга мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни ўз ихтиёри билан топширган шахс, агар топширилган восита ёки модда озгинадан кўпроқ миқдорни (Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг олтинчи қисми) ёки кўп миқдорни (Ўзбекистон Республикаси ЖК 276-моддасининг учинчи қисми) ташкил этмаса, суд томонидан жазодан озод қилинади.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятларга оид ишлар бўйича суд-кимёвий экспертиза ўтказиш айбдорликни исботлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятларга оид ишлар бўйича айбдор гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка йўлиққан-йўлиқмаганлигини аниқлаш ва уни мажбурий даволанишга юбориш масаласини ҳал этиш учун зарур ҳолларда наркологик экспертиза ўтказилиши лозим, агар наркологик экспертиза хулосасида шахс мажбурий даволанишга муҳтож деб хулоса берилса, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 96-моддасига мувофиқ шахсга нисбатан гиёҳвандлик ёки заҳарвандликдан мажбурий даволаниш белгиланиб, бунда мажбурий даволаниш нафақат озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларга нисбатан, балки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган маҳкумларга ҳам умумий асосларда тайинланиши мумкин.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятларга қарши крашишда аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 2019 йил 10 январдаги Фармонида давлат ва жамият олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида, жумладан:
жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш;
ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш борасидаги ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;
оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтириш;
юридик таълимни такомиллаштириш, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш;
жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини чуқур тадқиқ этиш.
Шунингдек “Юксак ҳуқуқий маданият-мамлакат тараққиёти кафолати” деган концептуал ғоя асосида аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишлари, юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлишлари ҳамда ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун тизимли ва кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш лозим бўлади.
А.ЭРГАШЕВ, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси