Қонун судланганликни фақат шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм қилиниш факти билан боғлайди.
Шахс, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг Махсус қисми моддасида назарда тутилган жиноят таркибининг барча белгилари мавжуд бўлган ижтимоий хавфли қилмишни содир этганликда айбдор деб топилиб, айблов ҳукми эълон қилингандан сўнг судланган деб ҳисобланади. Аммо ҳукм қилинишнинг ҳар қандай факти ҳам судланганликни келтириб чиқармайди. Ҳукм қилиш айбдорга жазо тайинлашда ҳам, қонунда мавжуд бўлган асосларга кўра, жазодан озод қилишда ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Судланганликнинг келиб чиқиши эса жазонинг муайян тури ва миқдорини тайинлаган ҳолда айблов ҳукмини чиқариш билан боғлиқ. Мазкур қоида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 77-моддасининг 2-қисмида белгиланган: “Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади”.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят процессуал Кодексига мувофиқ, ҳукм апелляция тартибида шикоят бериш ва протест келтириш муддати ўтганидан кейин кучга киради. Апелляция тартибида шикоят ёки протест келтирилган тақдирда ҳукм, башарти у бекор қилинмаган бўлса, юқори турувчи суд томонидан кўриб чиқилган кундан кучга киради (ЖПК 528 моддасининг 1-қисми). Маҳкумлар икки ва ундан ортиқ бўлган тақдирда, башарти, шулардан лоақал бирига нисбатан ҳукм устидан шикоят берилган ёки протест билдирилган бўлса, юқори суд ишни кўриб чиққунига қадар маҳкумларнинг ҳаммасига нисбатан ҳукм қонуний кучга кирмай туради (ЖПК 528-моддаси 3-қисми).
Шундай қилиб, шахс фақат жазони ўтаб бўлганидан кейингина эмас, балки уни ижро этиш давомида ҳам судланган хисобланади ва бу суд томонидан инобатга олиниши лозим. Бунда, шахсга нисбатан дастлабки тергов вақтида ҳам, ҳукм эълон қилинганидан кейин ҳам шахсга нисбатан танланган эҳтиёт чорасининг аҳамияти йўқ. Ушбу вақт давомида шахс судланган деб топилиши мумкин эмас.
Шахсни жазодан озод қилиш, хатто жиноий жазо ўрнига унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси ёхуд, агарда мақкум вояга етмаган бўлса, тарбиявий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган ҳолларда ҳам, унинг судланганлигини келтириб чиқармайди.
Судланганлик — бу шахс учун салбий, биринчи навбатда, жиноят-ҳуқуқий хусусиятдаги оқибатларнинг келиб чиқаришига олиб келган, жазонинг муайян тури ва миқдорига ҳукм қилинишидан келиб чиққан шахснинг алоҳида ҳуқуқий ҳолатидир.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 77-моддасининг 3-қисмида судланганлик жиноят қонунида назарда тутилган ва фақат шахс томонидан янги жиноят содир этилган ҳоллардагина ҳуқуқий аҳамиятга эгалиги кўрсатилган.
Шахснинг судланганлиги ҳам умум ҳуқуқий, ҳам жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга.
Жиноят содир этганлик учун ҳукм қилинган шахс ҳуқуқий ҳолатининг умумҳуқуқий аҳамияти унинг Ўзбекистон Республикасининг жиноят қонунини ташкил қилмайдиган норматив-хуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланишида ва жиноят-ҳуқуқий маънода аҳамиятга эга бўлмаслигидадир.
Судланганлик, шахс ҳуқуқий мақомининг тавсифи бўлиб, судланмаган шахс билан солиштирганда, судланган шахсга ҳуқуқларни чеклаш билан бирга унга мажбурият ҳам юклайди ва бошқа ҳуқуқий бўлмаган оқибатларни келтириб чиқармайди. Судланганлик шахс содир этган жиноят учун ҳукм қилинганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир. Қонун судланганликни фақат шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлиги билан боғлашни назарда тутади.
Шахсни ҳукм қилиш деганда, шахсни қилмишида жиноят таркибининг барча элементлари мавжуд бўлган аниқ жиноятни содир этишда айбдор деб топиш, шунингдек бу шахсга нисбатан муайян турдаги ва миқдордаги жазонинг тайинланиши тушунилади. Жазонинг тури ва миқдори шахсни судланган деб топиш ва ҳисоблаш учун аҳамиятга эга эмас, лекин, бу судланганликнинг тугалланиши ёки олиб ташланишига таъсир қилади.
Шахснинг судланганлиги умумҳуқуқий ва жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эгадир. Жиноят содир этганликда ҳукм қилинган шахс ҳуқуқий ҳолатининг умумҳуқуқий аҳамияти унинг Ўзбекистон Республикаси жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ташкил этмайдиган норматив-ҳуқуқий актларида мустаҳкамланганлиги ва улар жиноят-ҳуқуқий маънода аҳамиятга эга эмаслиги билан тавсифланади. Хусусан, судланганликнинг умумҳуқуқий аҳамияти шахснинг судланганлиги унинг расмий органларга тугатилмаган ёки олиб ташланмаган судланганлик мавжудлиги тўғрисида маълум қилиш мажбуриятида, маълум бир мансабни эгаллаш ёки айрим фаолият билан шуғулланишдаги чекловларда намоён бўлади (масалан, адвокатлик фаолиятини амалга оширишни чеклаш). Бундан ташқари, судланган шахсларга муайян бир ҳудудларга бориш ва жойларда бўлиш тақиқланиши мумкин.
Шахсни судланган деб топишнинг бошланғич вақтини ҳукм кучга киргандан кейинги вақт деб белгилайди. Жиноят-процессуал қонунга мувофиқ, ҳукм унинг апелляция шикояти бериш ёки протест билдириш муддати ўтиши билан қонуний кучга киради. Апелляция шикояти берилган ёки протест билдирилган тақдирда ҳукм, агар у бекор қилинмаган бўлса, ишни юқори суд кўриб чиққан куни қонуний кучга киради.
Шахс, шартли ҳукм қилиниши муносабати билан жазодан озод қилинганда ёки жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинганда (ЖК 72, 73, 89-моддалари) у синов муддати давомида судланган деб эътироф этилади.
Шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинганда, шунингдек, унга тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилганда, у судланган деб тан олиниши мумкин эмас.
Судланганлик Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида назарда тутилган ҳолларда шахс янги жиноят содир этганда аҳамият касб этишини белгилайди. Бунда судланганликнинг фақат жиноий-ҳуқуқий аҳамияти назарда тутилади. Судланганликни жиноий-ҳуқуқий аҳамияти шахснинг олдинги жиноят учун судланганлик муддати ўтмасдан ёки қонунда белгилангаи тартибда олиб ташланмасдан янги жиноят содир этганидагина вужудга келади, судланганликнинг умумҳуқуқий оқибатлари каби жиноий-ҳуқуқий оқибатлари ҳам жиноий жазо самарадорлигини ошириш ва маҳкумни тарбиялашга қаратилган чораларни мустаҳкамлаш, шунингдск аввал судланган шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга қаратилгандир.
-қилмишни квалификация қилишга таъсир кўрсатади (ЖКнинг 140-моддаси); -жазо тайинлашда оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилади;
-судланганлик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашда жазони ижро этиш муассасаси турини аниқлашга таъсир қилади (ЖКнинг 50-моддаси);
-алоҳида тартибда жазо тайинланишига сабаб бўлади.
Судланганликнинг жиноий-ҳуқуқий аҳамияти шахс янги жиноят содир этганда вужудга келади. Бошқача айтганда, шахснинг судланганлиги суд томонидан, у судланган деб топилган даврда, яъни ҳукм қонуний кучга кирган вақтдан унинг тутатилиши ёки олиб ташлангунгача бўлган даврдан кейин жиноят содир этган ҳолларда ҳисобга олинади. Судланганлик бошлангунига қадар ёки у тугагандан кейин жиноят содир этиш ҳеч қандай жиноий-ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди.
Шархланаётган модданинг тўртинчи қисми судланганликнинг охирги муддати тугатилиши ёки олиб ташланишини умумий асосларда аниқлайди. Судланганлик ҳолати тугалланганда, шахс судланмаган деб ҳисобланади. Судланганлик ҳолатининг тугалланиши, шахснинг янги жиноят содир этиши билан узилади. Бундай ҳолда судланганликнинг биринчи жиноят бўйича тугалланиш муддати айбдорнинг охирги жиноят учун жазони ҳақиқий ўтаб бўлганидан сўнг ҳисобга олинади. Судланганлик ҳолати туталланиши билан унинг барча хуқуқий оқибатлари бекор бўлади ва шахс янги жиноят содир этган тақдирда, унинг жиноий жавобгарлигини оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланмайди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 77-моддасининг бешинчи қисми жазони ўтаган, аммо қонуннинг ўзгариши билан бундай қилмиш жиноят деб ҳисобланмай қолган тақдирда, шунингдек содир қилинган жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлиниши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган деб ҳисобланишини белгилайди.
Авазжон ЭРГАШЕВ, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси