Сўх туманининг “Навобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилган янги аэропорт, дастлабки синов парвозини қабул қилди.
Фарғона халқаро аэропортидан амалга оширилган синов Humo Air авиакомпаниясига қарашли Ан-2П йўловчи ташиш самолётида амалга оширилди. Маҳаллий вақт билан соат 12:30 да Фарғонадан ҳавога кўтарилган лайнер, соат 13:10 да Сўх аэропортига келиб қўнди. Жавоҳир Маърупов командирлигидаги экипаж томонидан амалга оширилган парвоз муваффақиятли якунланди.
Илк парвоз, туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев, туман секторлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан катта тантана билан кутиб олинди. Самолёт қайта Фарғонага парвоз қилди ва соат 14:07 да яна Фарғона халқаро аэропортига етиб келди.
Амалга оширилган парвоз ҳамда Сўх аэропортида яратилган техник шароитлар мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.
Жадал суръатлар билан барпо этилган ушбу аэропорт майдони етти гектар бўлиб, узунлиги етти юз метрни ташкил этади.
Қурилиш ишлари учун давлат бюджетидан олти миллиард саккиз юз миллион сўм маблағ ажратилиб, учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шахобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойларини ўзида қамраб оладиган замонавий мажмуа ташкил этилди.