“Ҳар бир аёл бахтли бўлишини хоҳлайман!”

Ҳикоя қаҳрамони Фароғат Хуррамова – ўқитувчи, меъмор ва рассом. Жамиятдаги нуқсонларга қарши мўйқалам ва қоғозлар орқали курашишга ҳаракат қилиб келаётган оддий ўзбек аёли.

Қашқадарё вилояти оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича биринчи ўринда туради – бу мен учун янгилик эмас. Гарчи вилоятимизнинг қайғули устунлигидан тушкунликка тушган бўлсам-да, бундай зўравонлик бўйича мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ҳам вазият яхши эмаслиги, бир мени эмас, миллатимиз учун ҳам уятли ҳолат эканлиги ачинарли.

Рангли қаламлар сеҳри

1965 йил Қарши шаҳрида туғилганман. Ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтининг меъморчилик йўналиши бўйича ўқишга кирдим. 1987 йилда институтни муваффақиятли тамомлаб, расм чизиш билан шуғулланишни бошладим. Ҳозирда Қарши маданият коллежида расм чизиш, композиция ва меъморчилик асосларидан дарс бераман.

Мактабда ўқиб юрган кезларим чизишни жуда яхши кўрардим. Ҳали ҳам рангли қаламларнинг сеҳрини эслайман, унинг ёрдамида дафтарга расмли ҳикоялар яратиш қаторида одамларнинг юзларини чизиб, кайфиятларини қоғозга муҳрлашни хуш кўрардим. Расм чизиш истагимни ота-онам қўллаб-қувватлашди. Қатнашган мусобақаларим сони ва эришган ютуқларимни ҳаммасини ҳам эслай олмайман.

Акварел чизгиларидаги ҳислар

2003, 2009, 2011 йилларда портретлар, натюрмортлар, пейзажлардан иборат бўлган шахсий санъат кўргазмаларимни ўтказдим. Aсосан аквареллар билан ишлайман, график билан шуғулланаман. Ижодий ишларимда асосан Ўзбекистонда жуда долзарб мавзу – оиладаги зўравонликка қарши курашга бағишланган.

Қатъий ишонаманки, қизларнинг шахсий қадр-қиммати, мағрурлиги билан тарбияланиши керак. Ота-оналар қизларни тарбиялашга интилишлари керак. Aёл – она, ўчоқ сақловчиси, севги ва доноликнинг тимсоли. У наслнинг бошланиши. Гўдаклик чоғида ҳар бир буюк олим, қўмондон ва сиёсатчи меҳрибон она қўллари билан илҳомланиб, унинг ҳаётий кўрсатмалари билан шуғулланган.

Зўравонликка қарши биргаликда курашиш керак

Менинг мақсадим – аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилаларни ажралишдан ҳимоя қилиш. Ҳар бир аёл бахтли бўлишини хоҳлайман. Шунинг учун оиладаги зўравонлик мавзусини танладим.

Ўзбекистонда бу муаммони йўқ қилиш учун, оиладаги зўравонликка қарши курашни кучайтириш, яъни ҳар бир инсоннинг маданияти ва маънавиятини кўтариш керак, деб ҳисоблайман. Менимча, биз имкон қадар кўпроқ гаплашиб, оммавий ахборот воситалари ва Интернетда оиладаги зўравонлик мавзусини кўтаришимиз керак.

Келгусида замонавий жамиятни қизиқтирган мавзуларда иллюстрация ва плакатлар туркумини давом эттиришни режалаштираяпман.

Фароғат ХУРРАМОВА