Қонунда мен ҳар қандай товарни, ҳатто унда нуқсон бўлмаса ҳам алмаштириб олишим мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Нега унда айрим турдаги товарларни алмаштириб ололмайман?
Мансур. Т., Фарғона шаҳри.
ЖАВОБ:
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига кўра, истеъмолчига нуқсонли товар сотилса ёки нуқсонлар ундан фойдаланиш жараёнида аниқланса, истеъмолчи ушбу товарни мақбул сифатдагисига алмаштириб олиш ҳуқуқига эга. Лекин истеъмолчининг товарни алмаштириш истаги нуқсонлар билан боғлиқ бўлмасачи? Айтайлик, унинг ранги ёки размери мос келмади. Бу ҳолат мазкур қонуннинг 18-моддаси билан тартибга солинади.
Унга кўра, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини уни сотиб олган жойдаги сотувчидан 10 кун муддат ичида худди шундай товарга алмаштириб олишга ҳақли.
Лекин бунда ушбу товар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасида кўрсатилган “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати”га киритилмаган бўлиши талаб этилади. Агар товар ушбу рўйхатда бўлса, фақатгина маҳсулотда нуқсон бўлган ҳолатдагина уни алмаштириб олиш ёки пулини қайтариб олиш мумкин.
Яна бир ҳолат. Агар товар юқоридаги рўйхатга киритилган бўлса-да, олди-сотди жараёнида истеъмолчи ва сотувчи ўртасида товарни алмаштириб берилиши тўғрисида келишув (оғзаки ёки бошқа шаклдаги шартнома) бўлган тақдирда ҳам уни алмаштириб олиш ёки пулини қайтариб олиш мумкин бўлади.
Келинг кийим-кечак мисолида қонуннинг шу нормалари талабларини тушунтиришга уриниб кўрайлик.
Аввало шуни айтиб ўтишимиз керакки, кийим-кечакларнинг аксарияти “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати”нинг 5-банди (“Тикувчилик ва трикотаж буюмлари”) талабларига мос келиб қолади. Шу сабабдан ҳам кийим-кечак сотиб олаётганда истеъмолчидан бу борада бироз зийраклик талаб қилинади.
Ноозиқ-овқат товарлари туркумига кирувчи кийим-кечакларнинг мақбул сифатда бўлганларини алмаштириш жараёнида юзага келган низоларда биринчи эътибор кийим-кечакнинг инсон танаси билан тўғридан-тўғри контакда бўладими ёки йўқми, деган ҳолатга қаратилади. Айтайлик, ич кийимлар инсон танаси (бадани)га ёпишиб туради, бошқача қилиб айтганда тана билан тўлиқ контакда бўлади. Инсон терисида эса турли касалликлар, микроблар бўлиши мумкин. Шу сабабдан ҳам гигиеник нуқтаи назардан ич кийимлар алмаштирилмайдиган товарлар жумласига киритилган. Кўйлак эса тана билан қисман контакда бўлади, чунки орада ич кийим (дейлик майка) бор. Лекин пиджак инсон танаси билан тўғридан-тўғри контакда турувчи кийим тури эмас. Сабаби унинг остида кўйлак ёки камида футболка бўлиши одатий ҳол.
Шу ўринда, ахир ич кийимлар ҳам сотиб олинишидан олдин сотувчи ҳузурида кийиб кўриладику, бунда кийим тана билан контакда бўладику, бунда товар истеъмолда бўлган тоифага кириб қолмайдими, деган ҳақли савол ҳам туғилиши табиий.
Тўғри, бу гапда ҳам жон бор, лекин ушбу ҳолатда ич кийим инсон танаси билан қисқа муддатли контакда бўлади. Харидорга эса сотувчи ҳузурида кийимни ҳеч бўлмаганда бир марта кийиб, ўзига мос келиши ёки келмаслигини текшириб кўришини чеклашнинг эса иложи йўқ.
Лекин ич кийим сотиб олиб, уйга олиб кетилиб, эртасига қайтариб келинган ҳолатни олиб кўрайлик. Бунда харидор уни бир мартагина кийиб кўрдими ёки кийиб 1 соат ўтирдими ёхуд уни бошқалар ҳам кийиб кўрмадими, деган саволларга ишонч билан жавоб бериб бўлмайди. Шунинг учун бундай турдаги кийимларни қайтарилмайдиган товарлар туркумига киритилган.
Мақбул сифатдаги товарни алмаштириб олишнинг энг асосий талаблари: алмаштириш учун қайтарилаётган товар истеъмол қилинмаган бўлиши, унинг товар кўриниши, истеъмол хоссалари, пломбаси, ёрлиқлари сақланган бўлиши, шунингдек ушбу сотувчидан сотиб олинганининг исботи мавжуд бўлиши кераклигидир.
Демак, эртага ёки 10 кун ичида алмаштиришга қайтариб олиб бориладиган товар билан жуда эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, юқоридаги мисолларимиздан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак, алмаштирилиши мумкин бўлган тоифага кирадиган кийимларнинг товар кўринишига зиён етказиб қўймаслик (ифлосланган қўллар билан ушлаш, доғлар тегиб қолиши ва ҳакозо), агар пломбаси бўлса уни бузиб қўймаслик, ёрлиқларини узиб ташламаслик, у коробкада бўлса унга зиён етказмаслик чораларини кўриш талаб этилади.
Шу ўринда Қонуннинг 13-моддаси бешинчи қисмида истеъмолчининг нуқсонли товар билан боғлиқ низоларини кўриб чиқилишида истеъмолчи талаблари касса ёки товар чекини, кафолат муддати белгиланган товарлар бўйича эса, тегишлича расмийлаштирилган техник паспорт ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатни тақдим этган ҳолатдагина кўриб чиқилиши бўйича норма белгиланган. Лекин мақбул сифатдаги товарни алмаштириш билан боғлиқ ҳолатларни тартибга солувчи 18-моддасида эса бундай норма кўрсатиб ўтилмаган. Бироқ “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 22-бандида “ушбу сотувчидан сотиб олинганининг исботи мавжуд бўлиши” деган шарт қўйилмоқда. Исбот эса албатта, қандайдир ҳужжат билан боғлиқ тушунчадир.
Амалдаги қонуннинг 10-моддасига кўра, олди-сотди амалга оширилгач, истеъмолчига касса ёки товар чеки тақдим қилиниши шарт.
“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 22-бандига кўра, чакана савдони назорат-касса машинасини қўлламасдан амалга ошираётган сотувчи — якка тартибдаги тадбиркор харидорга сотиб олинган товар билан биргаликда сотувчининг фамилияси ва имзоси, якка тартибдаги тадбиркорнинг (юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжалигининг) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг тартиб рақами, товар сотилган сана ва унинг қиймати кўрсатилган ҳолда квитанция ёки шунга ўхшаш ҳужжатни бериши шарт.
Шунинг учун олди-сотди амалга оширилиши жараёнида, сотувчидан касса ёки товар чеки берилишини талаб қилишимиз, ҳеч бўлмаганда Қоидаларнинг 22-бандида кўрсатиб ўтилганидек, квитанция ёки шунга ўхшаш ҳужжат ёздириб олишимиз лозим.
Агар сотувчи қонуний талабингизга кўра, касса ёки товар чекини ёхуд унинг ўрнини босувчи ҳужжатни Сизга тақдим қилишдан бош тортса, яхшиси бундай сотувчилардан товарлар (айниқса узоқроқ муддат фойдаланиладиган товарларни) сотиб олмаган маъқул. Шунинг билан биргаликда, мазкур ҳолат юзасидан жойида солиқ идораларига хабар берилиши мақсадга мувофиқдир.
Ғайрат Маматқулов,
ЎИҲҲҚЖ Федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси сектор бошлиғи