Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик деганда, албатта, бир қатор қонунлар ва қонуности меъёрий ҳужжатлари тушунилади. Лекин бизнинг бугунги тадқиқотимиз 1996 йилнинг 26 апрелида қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги (221-I-сонли) қонун билан боғлиқдир (қуйида матнларда “Қонун” деб юритилади).
Ўтказиладиган тадқиқот соҳада узоқ йиллардан буён фаолият кўрсатиб келаётган мутахассислар билан суҳбат ҳамда шахсий кузатувлар асосидаги фикр ва мулоҳазаларга асосланади. Сабаби ўзим ҳам 2006 йилдан буён мазкур соҳага дахлдор идораларда фаолият кўрсатиб келмоқдаман.
Ўтган йиллар ичида юқорида номи зикр этилган 30 та моддадан иборат Қонунга ўн маротабадан ортиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелидаги ЎРҚ-405-сонли қонуни билан 27 прим 1-моддаси қўшилган бўлсада, Қонун ўзининг бирламчи таҳрирдаги асосий мазмун ва моҳиятини сақлаб қолган.
Ўтказиладиган тадқиқот доирасида ўзимнинг бу борадаги бир неча шахсий фикр ва мулоҳазаларимни билдириб ўтсам.
Қонуннинг 1-моддасида истеъмолчига берилган таърифда, фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс)дейилади.
Шу ўринда бир савол туғилади. Банкка омонатга пул қўйган шахс, шахсий томорқасида ҳосил етиштириб даромад кўришни кўзлаган ҳолда кетмон, белкурак ва бошқа асбоб-анжомларни сотиб олган шахс, савдо дўкони фаолиятини янада кенгайтириш, ижтимоий тармоқларда турли саҳифаларни очиб, фаолиятини рекламасини таъминлаш мақсадида фойдаланиш учун сўнги маркадаги смартфон сотиб олган шахс фойда чиқариб олишни кўзламайдими? Ахир юқоридаги мисолларда пул, кетмон, смартфон фойда чиқариб олиш қуроли вазифасини ўтайдику.
Шу нуқтаи назардан, менга Россиянинг тегишли қонунида келтирилган таъриф ҳақиқатга мосроқдек туюлади. Унинг матни мазмуни эса қуйидагича: истеъмолчи — тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда, фақат шахсий, оилавий, уй-рўзғорда ва бошқа мақсадларда фойдаланиш учун товар (иш, хизмат)ларни сотиб олувчи, буюртма берувчи ёки шу ниятда бўлган ёхуд ундан фойдаланаётган фуқародир.
Яна бир нарса, агар Қонунимизнинг амалдаги таҳриридаги истеъмолчи таърифига синчиклаб назар солинса, у ерда сотиб олувчи, буюртма берувчи ёки шу ниятда бўлганларнинг ўзигина аксини топганлигини, товарни сотиб олиб амалда “фойдаланаётганлар” эътибордан четда қолиб кетганлигини ҳам кўриш мумкин.
Қонуннинг бирламчи таҳриридаги 4-моддасида истеъмолчиларнинг 6 та асосий ҳуқуқлари, яъни маълумот олиш, эркин танлаш, хавфсизликка бўлган ҳуқуқ, етказилган моддий зиён ва маънавий зарарнинг қопланиши, судга ва бошқа давлат органларига мурожаат этиш, жамоат бирлашмаларини тузиш ҳуқуқлари қаторидан истеъмолчининг билим ва таълим олиш ҳуқуқига негадир ҳали-ҳануз ўрин берилмаяпти. Тўғри, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сонли қарори билан истеъмолчининг билим ва таълим олиш ҳуқуқи таъминлаб берилиши кўзда тутилган, лекин бу норма нега асосий қонунда ўз аксини топмаслиги керак?
Қонуннинг 5-моддасида ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)га ўзи ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши шартлиги бўйича бир қатор мажбуриятлар юклатилган бўлсада, мазкур мажбуриятларни бажармаслик келтириб чиқарадиган аниқ ҳуқуқий таъсир чораларига аниқлик киритилмаган. Шунингдек, тақдим этиладиган маълумотнинг тили бўйича талаблар ҳам очиқ қолган.
6-моддада товар (иш, хизмат)лар тўғрисидаги бериладиган маълумотлар бўйича талаблар келтирилган бўлиб, мазкур модданинг иккинчи қисми учинчи хатбошисида “баҳоси (тарифи)” деган жумлалар бор. Яна Россия мисолига қайтсак, ана шу жумла уларнинг қонунчилигида “цена в рублях”, яъни рублдаги баҳоси тарзида келтирилади ва бу билан, мени назаримда, Россия ҳудудида миллий пул бирлигининг номи рубллига алоҳида урғу берилади. Нега биз шу жойда “сўмдаги баҳоси (тарифи)” деган жумла ишлатиб, миллий бирлигимиз “сўм”лигини таъкидлаб ўтишдан чўчиймиз?
Шу жойда ўз шахсий фикр-мулоҳазаларимни билдиришдан тўхтаб, бир-иккита мутахассиснинг бу борадаги фикрларига ўрин берсам.
Баходирхон Усмонов – Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти бош мутахассиси, тизимда 2003 йилдан буён ишлайди:
Биринчи навбатда, мамлакатимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича алоҳида қонуннинг мавжудлигини эътироф этиб ўтиш керак. Эшитишимча, дунёда бу борада алоҳида қонунига эга бўлмаган, қонуннинг тегишли нормалари қайсидир қонунларни ичида акс этган давлатлар ҳам бор экан. Лекин гап ҳозир бу ҳақда эмас. Тизимда узоқ йиллардан буён ишлайман. Адашмасам мамлакатимизда банк пластик карточкалари 2005 йиллардан жорий этила бошлаганди. Ўтган йиллар давомида ана шу банк карточкаларидан тўлов қилинганда нақд пулдаги тўловга қараганда бошқачароқ нархлар белгилаш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлинди. Тўғри, бунга томошабин бўлиб қараб ўтирилмади, давлат идоралари ва тизимимиз томонидан бу салбий ҳолатларга қарши кураш олиб борилди, лекин ўшанда бугун шаҳарнинг бу бурчагида, эртага у бурчагида бунақа ҳолатлар содир бўлиб турганди. Бугун бундай ҳолатлар йўқ ҳисоби. Айтмоқчи бўлаётганим, Сиз билан биз ҳозир муҳокама қилиб турган Қонунга ҳали-ҳануз банк пластик карточкалари бўйича нормалар киритилгани йўқ. Амалдаги Қонуннинг 10-моддаси айнан товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ва тартибини белгилайди. Бошқа давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, шу моддага ҳар хил тўлов воситалари билан пул тўланганда, бир хил товарга ҳар хил нарх белгилашни тақиқловчи нормаларни киритиш керак.
Ўзим истеъмолчилар жамоат бирлашмасида ишлашим сабабли, менга Қонуннинг 4 ва 30-моддалари қадрдондек, чунки бу моддаларда истеъмолчилар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоясини таъминлаш мақсадида истеъмолчилар жамоат бирлашмаларига бирлашишлари мумкинлиги белгилаб қўйилган. Лекин Қонун қабул қилиниб, орадан салкам 25 йил вақт ўтган бўлсада, унда ана шу истеъмолчилар жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқларини белгилаб берувчи нормалар ўз аксини топмай келмоқда. Менимча, бугунги кун талаблари, юртимизда жамоатчилик назоратини янада ривожлантириш борасидаги вазифалар мазкур қўшимчаларни ҳам тезкорликда киритилишиини талаб қилмоқда.
Фахриддин Бойназаров – ЎИҲҲҚЖ Федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳуқуқий ҳимоя сектори бошлиғи:
Қонуннинг 14 (нуқсонли товарни алмаштириш), 15 (бепул таъмирлаш), 19 (иш бажариш, хизмат кўрсатишда шартнома шартлари бузилиши)-моддаларида сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи)лар томонидан белгиланган мажбуриятларни бажармаслик ёки вақтида бажармаслик билан боғлиқ ҳолатлар ўзини аксини топган. Бунда истеъмолчи талабни қўйган кундан эътиборан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун неустойка (пеня) ҳисоблаб борилиши белгилаб қўйилган. Лекин истеъмолчиларимиз мазкур имкониятдан фойдалана олишлари учун неустойка (пеня)ни ҳисоблаб бориладиган санани (нуқтани) белгилаб олиш керак бўлади. Бунинг учун эса истеъмолчи сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи)га ёзма равишда мурожаат қилиши талаб этилади. Юртимиз аҳолисида эса ёзма (бу ерда ариза, шикоят билан эмас, балки қонуний ҳуқуқларини талаб қилувчи эътироз хати билан) мурожаат қилиш одати шаклланмаган. Истеъмолчининг сотувчи ҳузурига келиб, оғзаки равишда эътирозини билдириб кетганлигини эса сотувчи бирор жойга қайд қилиб қўймайди. Демак, оғзаки мурожаат кунини неустойка (пеня) ҳисоблаш нуқтаси сифатида белгилаб олиш мантиққа тўғри келмайди.
Қонуннинг 18-моддасига биноан, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли. Лекин қонуннинг амалдаги таҳририда истеъмолчига пул қайтарилади, деган норма бўлсада, пулни қачон қайтарилади, дарҳолми ёки сотувчи ҳоҳлаган пайтдами, ёки сотувчи қачон товарни сотгандами, деган ҳолатга аниқлик киритилмаган. Қонуннинг эса тили равон, аниқ, тушунарли ва пичоғи кескир бўлиши мақсадга мувофиқ. Шу сабабли, ушбу ҳолатни амалдаги Фуқаролик кодекси талабларидан келиб чиқиб, сотувчи пулни дарҳол қайтариб бериш чораларини кўриши лозимлиги, агар мажбуриятни дарҳол бажариш вазифаси шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, бундай мажбуриятни истеъмолчи талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шартлиги бўйича норма билан бойитилса, бу борадаги тушунмовчиликларни олди олинган бўлар эди.
Бугун юртимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Кеча биз учун амалга ошиб, ечим топиши қийиндай кўринган кўплаб муаммолар соҳанинг асосий қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши билан ўз ечимини топиб кетмоқда. Қонун нормаси яхши ёки талаб даражасида ишламаса ёхуд йиллар ўтиши билан маънавий эскирган бўлса, уни замон руҳи билан бойитиш, бугунги кун талабига мослаш эса қийин иш эмас.
Мен шу ўринда, мутахассисларга билдирилган қимматли фикрлари учун ўз миннатдорчилигимни изхор қилган ҳолда, бу борада олиб борилаётган мустақил тадқиқотларим ҳали давом этишини эслатиб ўтмоқчиман.