Яшил энергия технологиялари: «KNAUF GIPS BUXORO» заводида қуёш электр станцияси ишга тушди

Бухоро вилоятида «KNAUF GIPS BUXORO» компанияси томонидан умумий майдони 2 гектарга, қуввати 0,9 МВТга, лойиҳанинг умумий бюджети эса 1 миллион еврога тенг бўлган қуёш электр станцияси фойдаланишга топширилди.

Мутахассислар томонидан компаниянинг яшил иқтисодиётга ўтиш ва углерод изларини камайтириш стратегиясининг муҳим қисми бўлган мазкур объектни қурилиш ишлари 2024 йилнинг апрель ойида бошланиб, тўрт ой давомида якунлангани айтилмоқда. 

Қуёш электр станцияси корхонанинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг қарийб 30 фоизини таъминлайди. Ишлаб чиқарилган энергиянинг бир қисми шаҳар тармоғига тушади ва ходимларнинг электр транспорт воситаларини қувватлантириш учун ҳам ишлатилади. Ушбу лойиҳа нафақат корхона ривожига қўшилган ҳисса, балки барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш ва маҳаллий инфратузилмани қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшадиган ўзгаришлар рамзи бўлади.

Очилиш маросимида компания вакиллари бу глобал ўзгаришлар сари биринчи қадам эканлигини таъкидладилар.

Қуёш электр станцияси ишга туширилиши маросимида нашримиз вакили каттагина майдонни эгаллаган қуёш панелларини ювиш ва тозалаш қандай амалга оширилиши билан қизиқди.

Компания бош директори Дмитрий Дерипалко ушбу саволга жавоб берар экан:

«Ҳа, Бухородаги иқлим ҳақиқатан ҳам жуда иссиқ ва чангли. Бироқ, биз барча жараёнларни пухта режалаштирдик ва уларга тайёргарлик кўрдик. Панелларни ювиш мутахассислар назорати остида бўлган махсус робот томонидан амалга оширилади. Ишончимиз комилки, бу масалада ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак!», — деди у.

Шундай қилиб, станция раҳбарияти замонавий технологиялар ва малакали ёндашув панелларга самарали техник хизмат кўрсатиш ва тозаликни таъминлашига ишонтирмоқда, бу эса минтақа иқлимида янги станция фаолиятининг муҳим жиҳати ҳисобланади.

Очилиш маросими ва матбуот анжуманидан сўнг тадбирнинг барча иштирокчилари учун завод ва янги қуёш электр станцияси бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.

Суҳбат давомида KNAUF компаниясининг минтақавий техник директори Волфганг Вогт қизиқарли янгиликлар билан ўртоқлашди: электр транспорт воситаларига ўтган заводнинг барча ходимлари қуёш электр станцияси томонидан ишлаб чиқарилган энергиядан фойдаланган ҳолда ўз машиналарини бепул заряд қилишлари мумкин. Ҳозирги вақтда, аллақачон, завод ҳудудида битта зарядлаш станцияси ишламоқда.

Нашримиз ходимининг электр транспорт воситаларига оммавий ўтиш завод учун оғир юк бўладими, деган саволга техник директор ходимлар учун қўшимча зарядлаш станцияларини очишни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги ҳақида ишонч билан жавоб берди.

«Яшил энергия, шунингдек, ходимларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш бизнинг устувор вазифамиздир!, — деди у.

Ушбу лойиҳа қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва экологик ишлаб чиқариш стандартларини такомиллаштириш орқали компаниянинг яшил иқтисодиётни яратишдаги етакчилигини таъкидлайди.