«ТУРК АЁЛЛАРИДАН ЯШАШНИ ЎРГАНДИМ!»

Гулнорани Бурсада яшовчи турк оиласи «Чичек» («гул» маъносида) деб чақиради. У 14 йилдан бери Туркияда: 6 йил Измирда, 3 йил Аданада ишлади, 5 йилдан бери эса бурсалик Фатма хонимнинг 4 кишилик оиласида хизматчилик қилмоқда.

— Туркияга келганимда 25 ёшли содда, уй ишларидан бошқа ҳеч нарса қўлидан келмайдиган қишлоқи бир аёл эдим. Эрим вафот этгач, 2 қизим билан отамнинг уйига келдим, чунки қайнонам раҳматли эримдан сўнг уйда қолишимни хоҳламади. “Ворис туғмадинг, қиз – бировнинг хасми,  қизларингни чиқарганингда ёрдам берамиз”, — деди. Отам, онам ва икки акам оилалари билан қисиниб яшайдиган уйда яшай бошладим. Ишлай десам, иш йўқ. Мактаб-боғчаларда пол ювувчиликка кирай десам, 300 доллар пора сўради, ойлик қанча деб сўрасам, 700 минг сўм дейишди. Бу пул учун эртадан-кечгача ишласам ҳам, қизларимни тузукроқ боқолмасдим. Холам қудасининг жиянини дараклаб берди, эрга тегмаган 35 ёшлардаги бу аёл Туркияда кампирга қараркан. Шу куниёқ гаплашди. “Келаверсин, Измирда ўзим кутиб оламан. Иш ҳам топиб бераман”, дебди. Ёш болаларимни онамга ташлаб, қарз олиб, Измирга кетдим. Насиба опа (холамнинг қариндоши) мени Измирда кутиб олди, бир оилага олиб бориб таништирди. Ўша ерда иш бошладим…

Ўз қишлоғидан ташқарига чиқмаган Гулнора бутунлай бошқа шароитга мослашгунча анча қийналди. Уй ишлари билан бирга овқат пишириш, рўзғор юритишни шу ерда – хонадон эгаси Мелек абласидан (абла – опа маъносида) ўрганди. 86 ёшдаги бу аёл ёлғиз ўзи яшарди. Гулнора бу кампирнинг фарзандлари, ўртоқлари, қариндош-уруғи олдида ўзини тутиши, ўз шахси ва қадрига ҳурмати, иродасига ҳайрон қолар, умрида илк бор кўраётганди бундай аёлларни. Унинг оиласи, қолаверса, қишлоғидаги таниш-билиши, қариндош-уруғлари орасидаги барча ўзбек аёллари саҳардан то тун ярмигача тинмай ишлар, фарзандлари, эридан ташқари яна қайнона-қайнота, қайнопа, қайинсингил, қайноғаларининг ҳам хизматларини қилар, камига, эридан тез-тез калтак еб турар ва буларнинг барчаси шунчалар одатий эдики, қишлоқда ҳеч бир аёл бошқача яшаш мумкинлиги ҳақида билмасди ҳам…

— Мелек абланинг оила-аъзолари, қариндошлари, дугоналари, хуллас, бу хонадонга келадиган ҳар бир киши менга ҳурмат билан муносабатда бўлди. Мен секин-аста турли овқатлар пиширишни, уй жиҳозларидан фойдалиб, ҳамма жойни саришта қилишни ўргандим. Бу ерга келишдан аввал кир машинани эшитган бўлсам ҳам, ишлатишни билмасдим. Бундан ташқари, Мелек абла ўтирса-турса менга аёл қандай бўлиши кераклиги, нималарга эътибор бериши, атрофдагилар билан муносабатни қуришни, ўзи учун қандай яшаши кераклигини уқтирарди. Мен ўзгардим, ҳозир бутунлай бошқа аёлман. Туркияга келиб, янгидан туғилдим.  

Гулнора кабилар турк аёлларини аёллик тимсоли деб билади. Бунинг учун турк аёлларида  гўзаллик ҳам, ақл ҳам, ғурур ҳам, ўз-ўзини севиш ҳам бор… Турк қизлари ўзини энг камида малика деб ҳисоблайди. Менимча, бу хислат турк аёлларида гўдакликдан шаклланади. Улар болаларига ғамхўр она, яхши уй бекаси, қўлигул ошпаз, совуққон, рашкчи ва ҳукмронлик қилишни ёқтирадиган рафиқа, моддийликни ҳар нарсадан устун қўювчи қаттиққўл ва ўзига тегишли бўлганларни биров билан баҳам кўрмайдиган аёллардир.

Гулнора сўзини давом эттиради:

— Фарзандларимга келсам, улар ҳалиям онамнинг ёнида. Авваллари ҳар ойда улар учун топадиган пулимнинг ҳаммаси — 700 долларни жўнатардим. Онам пулларимни тўплаб, аввал катта акамга, сўнгра кичигига алоҳида уй қилиб чиқарди. Сўнгра ҳар ой 200 доллардан жўнатадиган бўлдим. Онам сўраганди, ҳозир ишим оз дедим. Қолган пулларимни Туркиядаги банкда йиға бошладим. Мелек абланинг уйида 6 йил ишладим, абла оламдан ўтгач, Аданага кетдим. У ерда 2 та оилада ишладим, унчалик тинч оилалар эмасди. Сўнгра Насиба опам мени Истанбулга чақирди, ойлиги ҳам яхши экан, у ерга кетдим. Бу орада етарлича пул тўплаб, Андижон шаҳридан кредитга уй олдим. Ҳозир унда қизларим билан бирга онам яшаяпти. Қизларимни олий ўқув юртларида ўқитяпман. Иккаласи ҳам контрактда. Уйнинг кредити, қизларнинг ўқиши, сеплари – топган пулларим шуларга кетяпти. Бир йилда бир марта Андижонга бораману, 20 кундан кейин яна Туркияга, ишимга қайтаман.

Гулнора қизларини ўзбек хонадонига қулликка беришни хоҳламайди. “Агар турмушга чиққанидан кейин алоҳида уйга чиқариб қўядиган, қизимни ҳаётига аралашмайдиган бир оила бўлса, узатаман қизларимни. Бўлмаса, яхши бир турк йигитига бераман. Мен шунча йил уларнинг ҳаёти яхши бўлсин деб қаттиқ ишладим, ўз ҳаётимни қуришни ўйламадим. Икки қизим бахтли бўлишини истайман”, — дейди Гулнора.

Аслида ҳам шундайми? Турк аёллари Гулнора айтганидекми? Ёки бахтли бўлишнинг шартлари бошқачами? Турк аёлларининг аксарияти ўзбек отинойиларимизга нисбатан мустақилроқ, моддийлашганроқ, ғурурлироқ десак, хато бўлмас. Улар турмуш қуришга шошилишмайди. Туркияда қизлар 25-30 ёш орасида оила қуришга аҳд қилишмоқда. Асосий харажатларни куёв томон қилади. Бундан ташқари, Туркиянинг кўплаб ҳудудларида “бошлиқ пораси” (қиз учун бериладиган қалин пули) ҳамон сақланиб қолган. Кўпчилик турк қизлари турмушга чиққач, карьера қилишни исташмайди ва эрининг топадиган пули билан рўзғор тебратишни афзал кўришади.

Истанбуллик Денизхонимни анча йилдан бери биламан. У зиёли ва ўқимишли хонадон вакиласи сифатида ҳурлик, озодлик қадимдан барча туркий халқлар аёлларига хос бўлган хислат деб ҳисоблайди.

— Афсуски, кўпчилик замонавий қизларимиз турмушга чиққандан кейин илм-фан йўлида олиб борган муваффақиятларини унутиб ё ярим йўлда ташлаб, уй бекаси бўлишни афзал кўришмоқда.  Бу мамлакат келажаги учун ҳам таҳликалидир, чунки бизга аёл шифокорлар, ўқитувчилар, олималар, тадбиркорлар керак. Менимча, турк қизларига ғоявий илм бермоғимиз шарт. Қизларимизга кичиклигидан усмонийлар ҳарами, канизаклар ҳақида эмас, мард ва жасур Тўмарис каби ҳур аждодларимиз тўғрисида ҳикоялар сўзлаб берайликки, бошқаларнинг ўзларига эҳтиёж ва уй хизматчиси сифатида қарашларига рухсат бермасинлар. Қизларимизга, энг аввало, уларнинг инсон экани, ўтмишда яшаб ўтган улуғвор маликалар, қироличалар, кучда тенгсиз аёл саркардалар бўлганини ва замонамиз қизлари ҳам аждодлари каби ақли ва фаросати билан улуғ ишларни амалга ошира олишини уқтирайлик. Шунда, балки, улар ақлу шижоатда эркаклардан қолишмасликларини  тушуниб етарлар. Турк миллати ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмаган. Ҳар қандай буюк саркарданинг ёнида ҳамиша ақлли ва жасур турк аёли турган. Уларнинг нафақат гўзаллиги, шунингдек, ақлу заковати, ҳушёрлиги, адолати ҳам тилларда достон бўлган. Турк аёлларини бу хислатлар асло тарк этмасин.

Суратда: Денизхоним

Гулнора билан Андижонда тасодифан танишиб қолдик. Қизларини олиб, паркка келишган экан. Биз суҳбатлашгунимизча унинг бир-биридан чиройли қизлари ён ўриндиқда бизларни кутиб туришди. Соддагина кийинган, кўринишидан оғир-вазмин бу аёлнинг кўзларида шижоат, ўзига ишонган аёл матонати акс этиб турарди.

— Бу сафар Андижонда бир ойдан кўпроқ қолдим, чунки онам касал бўлиб қолди. Уни докторга қаратдим, ҳозир касалхонада. Қизларимни ёлғиз ташлаб кетгим келмади. Икки ҳафта бўлиб қолди, измирлик раҳматли Мелек абланинг энг кичик қизи қўнғироқ қилди – улар билан ҳалигача салом-алик қилиб турамиз – ўғлига Нилуфаримни (катта қизим) сўради. 30 ёшли Алини кичиклигидан биламан. Полисда ишлайди. Жуда яхши йигит. Онамга айтгандим, жанжал-тўполон қилди, “бермайман” деяпти. Менинг эса шу йигитга қизимни бергим бор. Андижон урф-одатига кўра, қизимнинг орқасидан 40 кунгача 3 маҳал мазар ташиб, камига, қизимни бир хонадонга хизматкорликка бериш, ётоқ мебелидан тортиб, куёвга бошдан-оёқ сарпо қилиш ниятим йўқ. Энг яхшиси, қизимни ўзим кичиклигидан таниганим – ор-номусли, ақлли Алига узатсам дейман.

Кейинги ҳафтада Гулнораникига Туркиядан совчилар келар экан. Улар Гулноранинг катта қизини унаштириб қайтишмоқчи ва шундан кейин мамлакатларига қайтиб, икки ёшнинг никоҳ билан боғлиқ ишларини ҳал этишмоқчи. Шу йилдан Туркияда кучга кирган никоҳ тузиш бўйича янги қонунларга кўра, Али ва Нилуфарнинг оила қуриш учун имконлари етарли эмас. Қонунга кўра, аввал Нилуфарга ишчи визаси тайёрлашлари керак бўлади. Сўнгра банк ишлари, ҳужжатлар ва ҳоказо.   Аммо бу ишлар тугагунча Гулнора онасини тўйга розилик беришга кўндирмоқчи.

Оналарнинг ўз қизлари, уларнинг бахту саодати учун курашиши таҳсинга лойиқ. Ўз ҳаёти, қийинчиликлари, сабру бардоши устига қизи учун шоҳона бахт қасри қуриб беришни барча она бирдек истаса керак, албатта. Аммо вояга етган қизларимизнинг ўз орзулари-чи? Улардан бу ҳақда сўралдими, ҳеч бўлмаса, бунга имкон берилдими? Гулнора Туркияда эканлигида зўравонлик қурбони бўлаётган юзлаб турк аёллари ҳақида эшитган, ҳеч бўлмаса, телевизор орқали кўргандир. Биргина 2024 йили 424 нафар турк аёллари ўз эрлари томонидан ўлдирилди. Албатта, бу каби воқеалар ҳар юртда бўлиши мумкин. Аммо юртинг боғларида сенга таниш бўлган ҳар тош, ҳар гиёҳ, юзларидан кимлиги кўриниб турган ў збекистонликлар бизга такрор ва такрор ватанни эслатаверади.  Бу боғда эса виждонли, бир сўзли алилар, маъруфлар бисёр эканига ишончим комил.

         Сабоҳат РАҲМОН, журналист.