Вазирлар Маҳкамасининг 19.04.2024 йилдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага берилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги 223-сон қарори қабул қилинди.
Маълумот учун: 2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилган.
Ҳужжат билан бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун электрон онлайн-аукцион савдо орқали ижарага бериш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланмоқда.
Аукцион тўғрисидаги маълумот “Е-auksion” платформасида 15, қайта аукцион ҳақида эса – 5 календарь кун олдин эълон қилинади.
Электрон онлайн-аукцион савдода бир маротаба ғолиб бўлган иштирокчига кейинги электрон онлайн-аукцион савдоларида иштирок этишга йўл қўйилмайди.
Таклиф этилган энг юқори ижарага олиш қийматининг дастлабки 15% миқдори 10 иш куни ичида электрон онлайн-аукцион савдо ғолиби томонидан тўлангандан сўнг бир иш куни ичида электрон онлайн-аукцион савдо натижалари тўғрисида баённома расмийлаштирилади. Баённома асосида 10 иш куни ичида шартнома имзоланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.05.2024 йилдан кучга киради.