Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Р.Ҳамраев кўчасида истиқомат қилувчи А.И.нинг ижрочининг буюртма шартларига зид иш тутаётганлиги ҳолати юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи ёзма мурожаатида, хонадонига ўрнатиш учун ўзига маъқул келган ранг ва сифатдаги, нархи 700 000 сўм бўлган эшикка буюртма берганлиги, лекин ўрнатиш учун келтирилган эшикнинг ранги буюртмадагидан фарқ қилгани ҳамда бир қатор нуқсонлари мавжудлиги сабабли уни ўрнатишга рози бўлмаганлигини, ижрочи томонидан эшик танланган рангдагисига алмаштирилмаётгани ёки қайтариб олиб кетилиб пули қайтарилмаётганлигини маълум қилади. Шунингдек, бу масалада ижрочига бир неча бор мурожаат қилган бўлсада, қонуний талаби бажарилмаётганлигини баён қилиб, шаҳар жамиятидан масалани ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Демак, юқоридаги ҳолатда ижрочининг истеъмолчи томонидан танланган рангдаги ҳамда сифатдаги эшикни эмас, балки бошқа рангдаги, камига муайян нуқсонлари мавжуд бўлган эшикни ўрнатиб беришга бўлган интилиши, мақбул сифатда бўлмаган товарни мулк қилиб топширишга бўлган ҳаракат ва ўз мажбуриятларини тўлақонли бажармаслик ҳисобланади.
Мурожаат ўрганилиши жараёнида қонунчиликнинг мазкур талаблари ижрочига тушунтирилиши билан истеъмолчи хонадонига келтирилган эшикни бошқа мақбул сифатдагисига алмаштирилишига эришилди.