Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида фуқаро Ҳ. О. нинг ўз тасарруфида бўлган ҳамда анча вақтдан буён ҳеч ким яшамайдиган хонадонга табиий газ тўловларидан асоссиз қарздорлик чиқарилганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.
— Менга қарашли бўлган, Жомий кўчасидаги кўп қаватли уйдаги хонадонда ҳеч ким яшамаслиги боис, хонадон эски русумдаги газ ҳисоблагичда қолиб кетган. Бугунги кунда газ идораси ушбу хонадонда табиий газ тўловларидан 2 214 000 сўм қарздорлик юзага келганлигини даъво қилмоқда, — дейди истеъмолчи ўз мурожаатида.
Шаҳар жамияти томонидан мазкур мурожаат юзасидан олиб борилган ўрганиш истеъмолчининг юзага келган қарздорлик нореал эканлиги хусусидаги важларини асосли эканлигини кўрсатди. Хусусан, бу борада шаҳар газ идорасидан олинган расмий жавоб хатида ҳам мурожаатда кўрсатилган қарздорликни компьютер базасида қайта ҳисоб-китоб қилиш учун керакли ҳужжатлар жамланилиб комиссия аъзоларига тақдим қилингани маълум қилинди.