Сотувчидан мақбул сифатдаги гиламни алмаштириб олиш мумкинми?

Саволга қисқагина қилиб «ҳа» деб жавоб бериш мумкин, лекин ушбу жараённинг биз билишимиз ва эътибор қаратишимиз керак бўлган ўзига хос томонлари ҳам бор.

Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига «Кокилон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Х.Р. дан келиб тушган мурожаат айнан харид қилинган гиламни хона ўлчамига мос келмагани важи билан сотувчига қайтариш борасидадир.

Истеъмолчи мурожаатида унинг томонидан 2 950 000 сўмга харид қилинган гилам хона ўлчамига мос келмаган, шу сабабдан гиламни бошқасига алмаштириш ёки пулини қайтаришда амалий ёрдам кўрсатилиши сўралган.

Ўрганишда истеъмолчи ўзи буюртма бериш жараёнида хона ўлчамларини ҳисоблашда бироз хатоликка йўл қўйганлиги маълум бўлди. Шундай бўлсада, ўрганиш ишлари давомида сотувчи гиламни хона ўлчамига мос бўлган гилам билан алмаштириб бериб, истеъмолчи муаммосини бартараф этди. Лекин …

Шу ўринда, истеъмолчиларга гиламларни ва гилам қопламалари (метрлаб кесиб сотиладиганлари)ни харид қилишда эътибор қаратилиши лозим бўлган битта ҳолатни эслатиб ўтишни жоиз деб биламиз.

Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи мақбул сифатдаги ноозиқ-овқат товарини харид қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида сотиб олинган жойдаги сотувчидан алмаштириб олиши мумкин. Амалда ушбу норма гиламларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Бунинг учун гилам турли ўлчамларда (2х3, 3х4 ва шу каби кўринишда) алоҳида мустақил ва тайёр ҳолатда сотилган бўлиши, шунингдек унинг товар кўриниши, истеъмол хоссалари, товар ёрлиқлари сақланган бўлиши ва у истеъмол қилинмаган бўлиши талаб этилади. Лекин метрлаб кесиб сотиладиган гилам қопламаларини, агар уларда ҳеч қандай нуқсонлар бўлмаса, сотувчидан алмаштириб ололмайсиз. Чунки улар қонуннинг 18-моддасидаги нормалардан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари»нинг 1-иловасидаги алмаштирилмайдиган товарлар рўйхатига киритилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз барча истеъмолчиларни метрлаб сотиладиган товарларни харид қилишда эътиборлироқ бўлишга чақириб қоламиз.

Фарходжон Хайдаров, шаҳар жамияти раиси.