Фарғона вилоятида “Қўқон” аэропортини реконструкция қилиш ишлари якунланди, деб хабар беради Uzbekistan Airports.
Қайд этилишича, 20 март куни эрталаб аэропорт биринчи техник парвозни қабул қилди — Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг А320 Neo самолёти экипажи Қўқон аэропортига қўнди. Вилоят аэропортида учиш-қўниш йўлаги 2000 метргача узайтирилган ҳамда А320 ва АТR72-600 русумли самолётлар учун иккита тўхташ жойига эга перрон реконструкция қилинган.
Шунингдек, аэропортда 100 кишига мўлжалланган 900 квадрат метр майдонли янги йўловчи терминали қурилган.
Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг тажрибали учувчилари томонидан Тошкент — Қўқон йўналиши бўйича амалга оширилган техник парвоз аэродромнинг самолётларни қабул қилиш ва жўнатишга ҳамда терминалнинг йўловчиларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатишга тўлиқ тайёрлигини кўрсатди, — дейилади хабарда.
Мунтазам парвозларни 2024 йил 1 апрелдан бошлаш режалаштирилган.