Ҳуқуқий оқибатларини яхши тушуниб етган сотувчи истеъмолчининг қонуний талабини қаноатлантиришни маъқул топди

Бағдод тумани «Мирзаобод» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Д.М. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига туман марказидаги савдо дўконидан сотиб олинган кондиционер талаб даражасида ишламаганидан сўнг сотувчига қайтарилгани, лекин сотувчи 20 кундан ортиқроқ вақт ўтган бўлишига қарамай масалани ҳал қилишни пайсалга олиб келаётганлиги борасида мурожаат қолдирган.

Мурожаат тегишлилиги бўйича Федерациянинг Бағдод туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиши жараёнида истеъмолчининг мурожаатида билдирилган важлар исботини топди. Истеъмолчи 2023 йилнинг декабр ойида 3 йиллик кафолат муддати билан 7 720 000 сўмга харид қилинган «Авалон» русумли кондиционерни жорий йилнинг январ ойига ўтиб яхши ишламаётганлиги сабаби билан сотувчига топшириб, ундаги нуқсонларни бартараф этиш, лозим бўлса уни бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириш талабини қўйган, бироқ унинг қонуний талабларини бажариш ишлари пайсалга солиб келинган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, сотувчи товарда кафолат муддатида топилган нуқсонларни истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида бепул бартараф этиш чораларини кўриши лозим, акс ҳолда бу ҳуқуқий оқибатларга, хусусан ушбу муддатлардан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун товар нархининг бир фоизи миқдорида истеъмолчига неустойка (пеня) тўлашига ҳам олиб келади. Мурожаатни ўрганиш давомида ушбу ҳолатлар сотувчига тушунтирилиши билан нуқсонли кондиционер бошқа мақбул сифатдагисига алмаштирилиб, истеъмолчининг қонуний талаби қаноатлантирилди.

Дилором Мирзаева, туман жамияти мутахассиси.