Болалар омбудсманига кўпроқ қандай мурожаатлар келиб тушмоқда?

Болалар омбудсмани 2023 йилда фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг тури ва сони тўғрисида маълумот берди.

Унга кўра, 2023 йилда бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида фуқаролар, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан жами 443 та мурожаат қабул қилиниб, ўрганилди.

Мурожаатлар таснифига кўра турлича бўлган. Энг кўп мурожаатлар қуйидаги масалалар бўйича:

  • боланинг оилада яшаш жойини белгилашга доир — 44 та;

  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларидан ҳамда жиноят иши қўзғатишнинг рад этилишидан норози — 43 та;

  • МИБ ходимлари ҳаракатидан норозилик билдириб — 33 та;

  • оланинг ота-онаси ва яқин қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига доир — 32 та;

  • алимент олиш ҳуқуқига доир — 29 та.

2023 йилда болага нисбатан зўравонликка доир 28 та мурожаат қабул қилиниб, ўрганилган.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ижтимоий ёрдам олишига бўлган ҳуқуқига доир (24 та), суд мажлисларида бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг иштирокини сўраб (20 та), боланинг ҳимояга бўлган ҳуқуқига оид (15 та), оилада вояга етмаган фарзанди бор аёл таҳқирланишига доир (15 та) мурожаатлар ҳам келб тушган.

Маълумот учун, болалар омбудсманининг асосий вазифаси “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция қоидаларини қонунчиликка татбиқ этиш, боланинг шахси, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатлари ҳимоясига бутун жамият ва давлатни фаол жалб этишдан иборат.