Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрь кунги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 889-сонли Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ишларни кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам бериш, фуқароларнинг олис ҳудудлардан судга келиб сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишлар апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилишини, ишлар тафтиш тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида кўрилишини ҳамда юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинишини, шунингдек ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни маъмурий судлар томонидан кўришда прокурор иштирок этиши шартлигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мазкур Қонун фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада оширишга, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин — вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча ҳаражатлари тежалишига хизмат қилади.
2023 йил 25 декабрь кунига қадар амалда бўлган тартибга асосан, маъмурий судга келиб тушган аризалар дастлаб туманлараро маъмурий суди томонидан биринчи инстанция сифатида, биринчи инстанция суд ҳужжатлари устидан берилган шикоятлар вилоят судлари томонидан апелляция инстанцияси сифатида, апелляция инстанция қарори устидан берилган шикоятлар эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация инстанцияси сифатида кўриб чиқилаётган эди.
Янги ўзгаришларга асосан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 224-моддасига асосан ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти, прокурор эса кассация протести беришга ҳақли экани белгиланди.
Бу эса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар унинг устидан шикоят келтирмаган шахсларга, суд ҳужжатлари юзасидан кассация инстанциясида низолашиш имкониятини беради.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 225-моддасига асосан кассация шикоятлари туманлараро маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда – Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан кўрилиши белгиланди.
Киритилган ўзгартиришга асосан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 249-моддасига асосан туманлараро маъмурий судларнинг, ҳудудий ҳарбий судларнинг қонуний кучга кирган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори, ажрими устидан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкинлиги ва ушбу шикоятлар Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланди.
Шунингдек, юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинди.
Ўрнатилган мазкур тартиб натижасида фуқаролар ортиқча оворагарчилигининг олди олиниб, вилоят судларининг одил судловни амалга оширишдаги имкониятларидан кенг фойдаланилади.
Улуғбек Ахмедов, Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси.