Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сонли қарори билан белгилаб берилган ҳуқуқлардан, шунингдек бу борада ногиронлиги бўлган шахслардан келиб тушаётган мурожаатлардан келиб чиққан ҳолда, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун 4-моддасидаги ногиронлиги бўлган шахслар (истеъмолчилар) учун объектлар ва хизматларнинг қулайлиги принципини таъминлаб берилаётганлиги ҳолатини ўрганиш ҳамда бу борада тегишли таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида вилоят ҳудудидаги, мулкчилик шаклидан қатъий назар, аҳолига турли хизматларни кўрсатувчи объектлар: супермаркетлар, бозорлар, умумий овқатланиш ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, аэропорт, темир йўл вокзаллари, автошоҳбекатлар ҳамда бошқа шу турдаги жамоат жойларига ногиронлиги бўлган шахсларнинг кириб-чиқиши учун шароитлар (пандус)нинг яратилганлиги, шунингдек ҳожатхоналарнинг мавжудлиги ва уларда ногиронлиги бор шахслар учун алоҳида шароитлар назарда тутилганлиги ҳолатлари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Фарғона вилоят бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасининг 13.11.2023 йилдаги Қўшма буйруғи асосида, туман ва шаҳар ҳудудларида Ногиронлар жамиятлари масъуллари ҳамкорлигида жамоатчилик мониторинги (кузатув-ўрганиш) тарзида ўрганишдан ўтказилди.
Ўрганишларда асосий эътибор:
— ногиронлиги бўлган шахсларнинг мазкур объектга эркин кириб-чиқиш имкониятининг яратилганлиги – пандус;
— объект икки ва ундан ортиқ қаватли бўлганда ногиронлиги бўлган шахсларнинг унинг юқори қаватларига чиқиш имкониятлари таъминланганлиги;
— объектда ҳожатхона мавжудлиги ва ундан ногиронлиги бор шахслар фойдаланиши учун шароитнинг яратилганлиги;
— объект ҳудудида автотранспорт воситаларини тўхтаб туриш жойининг мавжудлиги ва бу жойда ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситалари учун алоҳида махсус жой (жойлар) ажратилганлиги;
— тўхтаб туриш жойининг тегишли йўл белгилари (5.15. Тўхтаб туриш жойи ва 7.17. Ногиронлар) билан ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситалари учун алоҳида махсус жойнинг йўл чизиқлари (1.24. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойи) билан жихозланганлиги ҳолатларига қаратилди.
Ўрганишлар давомида вилоятнинг 16 та ҳудудидаги 95 та хўжалик юритувчи субъектларга қарашли бўлган объектлар кузатувдан ўтказилди. Шуларнинг 45 таси аҳолига савдо, умумий овқатланиш, транспорт, молиявий, тиббий ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатувчи хусусий мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, 50 таси эса аҳолига турли давлат хизматларини кўрсатувчи давлатга қарашли ташкилотлардан иборат бўлди.
Ўрганишда юқоридаги жами 95 та хўжалик юритувчи субъектларнинг 70 тасида ногиронлиги бўлган шахсларга объектга эркин кириб-чиқиш имкониятлари яратиб берилган (пандус қилинган)лиги, мазкур пандусларнинг 16 таси амалдаги талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги (махсус панжара билан жихозланмаган) кузатилди. Кузатилган 25 та объектларда эса турли сабаблар билан пандус қилинмаган.
Ўрганишдан ўтказилган жами субъектларнинг 12 тасида ҳожатхоналар йўқ. Булар Қўқон шаҳридаги 3 та, Қувасой шаҳри, Тошлоқ, Учкўприк, Бешариқ туманларидаги 2 тадан, Қува туманидаги 1 та объектлардир. Ҳожатхоналар мавжуд бўлган 83 та объектдаги ҳожатхоналарнинг 80 таси ўша объектни тасарруф қилаётган ташкилотга тегишли бўлиб, қолган 3 таси бошқа субъектлар томонидан тасарруф қилинади. Юқоридагиларнинг ичидан 8 та ҳожатхонларда пулли хизматлар кўрсатилмоқда. Пулли хизмат кўрсатаётган ҳожатхоналарда масъуллар томонидан ногиронлар учун бепул хизмат кўрсатилиши билдирилган бўлсада, амалдаги қонунчилик талабларига кўра, имтиёзга эга бўлган шахсга бепул хизмат кўрсатилиши тўғрисида огоҳлантириш мазмунида ёзувлар қўйилмаган. Бу эса ўз навбатида ушбу объектларда барчадан тўлов олинишини билдиради. Жами 83 та ҳожатхоналарнинг 25 тасидагина ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча қулайликлар яратилган, холос. Қолган 58 та ҳожатхонадан ногиронлиги бўлган шахс фойдалана олмайди ёки фойдаланишида қийинчиликларга дуч келади.
Ўрганилган объектларнинг 59 тасида ташкилот олдида автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойлари ташкилланганлиги, улар жами бўлиб 1354 та автомобил ўрнига эгалиги, шуларнинг 58 таси ушбу ташкилотларнинг ўз тасарруфидалиги қайд қилинди. Юқоридагилардан 3 та (Олтиариқда 1 та, Риштонда 2 та) тўхтаб туриш жойлари пуллик асосларда хизмат кўрсатмоқда. Ушбу пуллик тўхтаб туриш жойлари масъуллари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг автомобиллари учун тўлов олинмаслиги билдирилган бўлсада, имтиёзга эга бўлган шахсга бепул хизмат кўрсатилиши тўғрисида огоҳлантириш мазмунида ёзувлар қўйилмаган. Бу эса ўз навбатида ушбу объектларда барчадан тўлов олинишини билдиради.
Жами 59 та автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойларининг 13 тасида, ушбу жойлар учун масъул бўлган шахслар томонидан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун алоҳида жойлар ажратилганлиги маълум қилинган бўлсада, ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситаларига ажратилган тўхтаб туриш жойи амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига кўра, 1.24. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойи ётиқ чизиқлари билан жихозланмаган. Бу эса ўз навбатида мазкур имтиёзли ўриндан фойдаланишда турли келишмовчиликларни келтириб чиқаради.
Умуман олганда ўрганишдан ўтказилган бирорта ҳам автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойлари, амалдаги йўл ҳаракати қоидалари талабларига зид равишда, тегишли “5.15. Тўхтаб туриш жойи” ва “7.17. Ногиронлар”йўл белгилари билан жихозланмаганлиги, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситаларига ажратилган тўхтаб туриш жойи 1.24. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойиётиқ чизиқлари билан жихозланмаганлиги қайд қилинди.
Юқоридаги ҳолатлар амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг “Истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари” акс этган 4-моддасидаги истеъмолчиларни тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товар (иш, хизмат)ларни эркин танлаш, уларнинг хавфсиз бўлиши, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавф туғдирмаслиги каби принциплари таъминлаб берилмаётганлигини кўрсатади.
Қонуннинг мазкур моддаси иккинчи қисмига кўра, истеъмолчиларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлар тоифасига киритилган айрим гуруҳлари учун қонунчилик билан савдо, маиший хизмат ва хизмат кўрсатишнинг бошқа турлари бўйича имтиёзлар ва афзалликлар белгиланиши мумкин.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқилса, давлатимиз томонидан ногиронлиги бўлган шахслар (истеъмолчиларнинг айрим гуруҳлари) учун қонунчилик билан белгиланган имтиёзлар ва афзалликлар айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тўлақонли шаклда таъминлаб берилмаяпти.
Шунингдек, юқоридаги қонунбузилиши ҳолатлари Қонуннинг “Халқаро шартномалар ва битимлар” деб номланган 3-моддасидаги:
Агар Ўзбекистон Республикаси иштирок этган халқаро шартнома ёки битимда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади, деган нормасидан келиб чиқилса, халқаро ҳуқуқ нормалари билан ногиронларга берилган ҳуқуқларнинг Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалар ва битимлар воситасида ўз зиммасига олган мажбуриятларини ҳам тўлақонли бажарилмаётганлиги билдиради.
Шунинг билан биргаликда, бу борада белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмаслик «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида кўрсатиб ўтилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари, жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини, уларнинг мустақиллигини, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш; ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик; инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги; объектлар ва хизматларнинг қулайлиги; ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ва давлатнинг ҳаётига жалб этиш каби принциплари бузилаётганлигини ҳам билдиради.
Юқорида келтириб ўтилган ҳолатларни жамлаган ҳолда, жамоатчилик назорати якунлари билан қайд этилган қонунбузилиши, амалдаги тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик ҳолатларини бартараф қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонунчилик билан белгилаб берилган ҳуқуқларини тўлақонли рўёбга чиқарилишига эришиш мақсадида қуйидаги таклифлар билдирилади:
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат ва нодавлат идоралари, савдо, умумий овқатланиш, даволаниш, дам олиш ва кўнгилочар хизматлар ҳамда бошқа хизматларни кўрсатувчи объектларга эркин кириб-чиқиш имкониятлари яратиб берилиши шарт. Бунда кириб-чиқиш имкониятини яратиб берувчи пандуслар барча жойларда аниқ ҳисоб-китоблар асосида тасдиқланган стандартда бўлиши (ўлчамлари, қиялиги ва б.), шу каби стандартларга амал қилинган махсус панжара билан жихозланган бўлиши талаб этилади.
Агар объект икки ёки ундан кўп қаватли бўлса, ногиронлиги бўлган шахслар учун нафақат ушбу объектнинг биринчи қаватига, балки унинг юқори қаватларига ҳам эркин чиқа олиш имкониятлари кўзда тутилиши лозим.
Аҳолига турли хизматларни кўрсатувчи хусусий ташкилотларда, шунингдек давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотларда жамоатчилик фойдаланиши учун ҳожатхона бўлиши, ҳожатхона битта кабинадан иборат бўлганда ўша кабинани ўзида, агар бир неча кабиналардан иборат бўлганда улардан биттасида ногиронлиги бўлган шахс учун қўшимча шароит яратиб берилиши шарт. Агар ҳожатхона пулли асосда хизмат кўрсатса ва унда ногиронлиги бўлган шахслар учун имтиёз (тўлов қилмаслик) назарда тутилган бўлса, бу ҳақда ҳожатхонанинг кириш қисмига ва ҳамма танишиши учун қулай жойга алоҳида маълумот (ёзув) қўйиб қўйилиши лозим.
Агар объект ҳудудида автотранспорт воситаларини тўхтаб туриш жойи мавжуд бўлса, бу жойда бепул ёки пулли хизмат кўрсатилишидан қатъи назар, тўхтаб туриш жойининг кириш ва чиқиш қулай бўлган қисмида, ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойи умумий майдонининг камида 5 фоизи (камида 2 та жой) ажратилиши лозим.
Бунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун ажратилган тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун ҳақ олинмаслиги ҳақида ҳамманинг эътиборига, уларнинг танишиши қулай шаклда маълумот етказилиши шарт.
Тўхтаб туриш жойи тегишли йўл белгилари: 5.15. Тўхтаб туриш жойи ва 7.17. Ногиронлар билан ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситалари учун алоҳида махсус жой (жойлар) 1.24. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойи йўл чизиқлари билан жихозланиши шарт.
Юқоридаги таклифларни тўлақонли амалиётга тадбиқ этилиши Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунлари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаб берилишини кўзда тутувчи Ҳукуматимизнинг бир қатор қарорлари, хусусан «Ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги Низом» талаблари ижросини таъминлашга хизмат қилади.