Конституция — халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан Фарғона шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида “Конституция — халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда сўз олганлар байрам тадбири иштирокчилари эътиборини Конституциямиздаги инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган нормаларига қаратар эканлар, Конституциямизнинг янги таҳрирда қабул қилиниши билан бу борада янада мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асос яратилганлигини эътироф этиб ўтдилар.

Вилоятнинг Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳарлари ҳамда Қўштепа, Олтиариқ, Қува, Тошлоқ, Ёзёвон ва Фарғона туманларидан 300 нафар хотин-қизлар ҳамда 100 нафар касаба уюшмалари фаоллари иштирокида ўтган мазкур тадбирда иштирокчиларнинг Конституциямиз бўйича билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Сиз Конституцияни биласизми?” мавзусида викторина савол-жавоблари ўтказилди. Викторинада ғолибликни қўлга киритган 20 нафар ғолибларга Фарғана вилояти ҳокимлиги муассислигидаги “Янги Фарғона” газетасига ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси муассислигидаги “Ишонч” газетасига 2024 йил учун 1 йиллик бепул обуна сертификати ҳамда китоб жамланмалари топширилди.

Тадбир доирасида вилоят мусиқали драма театрининг маҳоратли актёрлари томонидан намойиш этилган “Зўрдан-зўр” спектакли барчага кўтаринки кайфият улашди.

Ғайрат Маматкулов.