Ҳудудий бирлашма томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Фарғона вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа тадбирлар режаси асосида Фарғона шаҳридаги “ННТлар уйи”да «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик ҳужжатлари: Конституция ва соҳага оид қонунларда истеъмолчи ҳуқуқининг устиворлиги тамойиллари» мавзусида очиқ мулоқот ташкилланди. Тадбирда ЎзННТМАнинг Фарғона вилоят бўлинмаси ҳамкорлик қилди.
Тадбирда асосий эътибор барчанинг истеъмолчи эканлигидан келиб чиқиб, мамлакатимиз Конституцияси ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилигида аҳоли (истеъмолчилар)нинг ҳуқуқлари устиворлиги таъминлаб берилганлиги, ушбу ҳолат халқаро ҳуқуқ нормаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар талабларига тўлақонли мос келишига қаратилди.
Таъкидландики, мамлакатимизнинг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган ва Ўзбекистон Республикасининг 01.05.2023 йилдаги ЎРҚ-837-сон Конституциявий Қонуни билан янги таҳрирда қабул қилинган Конституциясида истеъмолчи ҳуқуқининг устиворлиги тамойиллари белгилаб қўйилган. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 65-моддасида шундай дейилади:
Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.
Ўз-ўзидан маълумки, жамиятда қабул қилинаётган ҳар қандай қонунлар мамлакат Конституциясида белгилаб қўйилган нормаларга зид келиши, фуқароларнинг Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ёки камайтириши мумкин эмас. Шундай экан, мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисида қабул қилинган ва қабул қилинаётган барча қонунларда фуқароларнинг Конституцион ҳуқуқларидан келиб чиқилади.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ташаббуси билан Федерациянинг Фарғона вилоятидаги ҳудудий бирлашмаси ҳамда туман (шаҳар) жамиятлари масъул ходимлари учун ўқув семинари бўлиб ҳам бўлиб ўтди.
«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўзаро ҳамкорлик» мавзусига бағишланган ўқув тадбирида кун тартибидаги асосий масала бўйича Қўмитанинг «Стратегик режалаштириш, методология ва трансформация бўлими» бошлиғи ўринбосари Темурбек Абдуллаев маъруза қилди.
Маърузачи томонидан таъкидландики, мазкур тадбирни ташкиллашдан кўзланган асосий мақсад истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органи бўлган Қўмита ҳамда истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаси бўлган Федерация ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ходимлар салоҳияти ва компетенциясини юксалтиришга кўмаклашиш ҳамда ўзаро мулоқотни йўлга қўйишдан бўлиб, жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ҳар бир ҳудудга чиққан ҳолда, Федерациянинг барча ҳудудий бирлашма, туман (шаҳар) жамиятлари ходимлари билан учрашувлар тарзида ўтказилмоқда.
Тадбирларда Ўзбекистон Республикасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилиги, қонунчилик талабларини амалиётга қўллаш, истеъмолчилар муаммолари ва мурожаатлари билан ишлаш, халқаро тажриба, ваколатли давлат органлари билан ҳамкорлик масалаларини атрофлича тушунтириш ва биргаликда муҳокама қилиш қилиш, жойларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида мавжуд муаммо ва таклифларни таҳлил қилиш кўзда тутилган.
Кун тартибидаги асосий маъруза тинглангач, кун тартибидаги масалалар юзасидан Қўмитанинг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Федерациянинг вилоят ҳудудий бирлашмаси раҳбар ва масъул ходимларининг фикр мулоҳазалари тингланди.
Семинар доирасида Федерациянинг туман ва шаҳар жамиятларида меҳнат фаолияти олиб бораётган ходимлар томонидан кундалик фаолият давомида истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш, ички бозорда сотилаётган маҳсулотлар сифати ва хавфсизлиги устидан жамоатчилик назорати тадбирларини ўтказиш масалаларида юзага келаётган муаммолар юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдириб ўтилиб, мазкур муаммоларни бартараф қилиш бўйича таклифлар ҳам илгари сурилди.
Тадбир якунларига кўра, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ички бозорларда сотилаётган товар (иш, хизмат)ларнинг амалдаги қонунчилик талабларига мослиги юзасидан ўтказиладиган мониторингларда, шунингдек аҳоли (истеъмолчилар)нинг соҳага оид ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини оширишда Қўмита ва Федерациянинг ҳудудий ташкилотлари ўртасида янада яқиндан ҳамкорлик олиб боришга келишиб олинди.