2023 йил 30 апрель куни мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа яъни умумҳалқ референдуми ўтказилиши белгиланди. Референдум — (lotincha: referendium) бу фуқароларнинг давлат, вилоят ёки маҳаллий кўламда энг муҳим масалалар бўйича овоз бериш йўли билан қонунлар қабул қилиш ва давлат аҳамятига молик энг муҳим масалалар бўйича овоз бериш йўли орқали ўз фикрларини билдиришдир. Умумхалқ овоз бериш йўли билан қонунлар қабул қилиш ва давлат аҳамиятиги молик энг муҳим масалаларни ҳал қилиш шакли. Бевосита демократиянинг муҳим воситасидир.
Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодалайди. Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади.
Агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, референдумда қабул қилинган қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Қонунчилигимизга мувофиқ референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақлидир.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан махрум этиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга маносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.
Хусусан, жорий йилнинг 10 – март куни мамлакатамиз Қонунчилик палатаси мажлиси ўтказилиб, унда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни тайинлаш ва уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Қонунчилик палатаси қабул қилган қарорда Конституциявий қонун лойиҳаси билан Конституция янги таҳрирда қабул қилиниши белгиланмоқда. Даставвал, умумхалқ муҳокамасига чиқарганимизда Конституциямизга 6 та янги модда таклиф этилган бўлса, бугунги кунда қарийб 5 баравар кўп, яъни 27 та янги модда таклиф этиляпти.
Амалдаги Конституциянинг моддалари 128 тадан 155 тага кўпаймоқда, нормалари 275 тадан 434 тага, яъни қарийб 65 фоига ошди. Лўнда қилиб айтганда бугун биз кўриб чиқаётган Конституция лойиҳаси ҳам мазмунан, ҳам шаклан янгиланмоқда.
Конституциянинг аксарият нормалари концептуал жиҳатдан ўзгармоқда, шу жумладан, давлат ҳокимиятини ташкил этиш, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият тармоқларининг мақоми, ўзаро муносабатлари такомиллашмоқда. Давлат ҳокимияти олий органлари ўртасидаги баланс, мувозанат сезиларли даражада, шу жумладан, кўпроқ парламент фойдасига ўзгармоқда.
Конституцияга концептуал аҳамиятга эга кўплаб янги ўзгартиришлар киритилаётганлигини инобатга оладиган бўлсак, Конституциямизни янги таҳрирда қабул қилишимиз юридик жиҳатдан ҳам, мантиқий жиҳатдан ҳам тўғри қарор ҳисобланади.
Ушбу барча масалалар референдумга, яъни халқимиз муҳокамасига чиқарилмоқда. Тарихимизда илк маротаба Конституциянинг қабул қилиниши бевосита халқимизнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлади. Халқ овоз берганидан кейин қўшимча ҳужжатлар қабул қилиниши шарт эмас, Парламентда муҳокамадан ўтиши ва Президент томонидан имзоланиш зарурати ҳам йўқ.
Янги таҳрирдаги Конституция бевосита халқ томонидан қабул қилиниб, тўғридан-тўғри амалга киритиладиган биринчи ҳужжат бўлади. Бунинг энг аҳамиятли томони, барчанинг овози бир хил мақомга ва кучга эга эканлигида. Яъни ёшу-қарининг танлови ва фикри аҳамиятли ва ҳал қилувчи бўлади.
Улуғбек Ахмедов, Фарғона вилоят маъмурий суди судьяси.