Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги 693-сон Қарорига асосан 2022-йил 1-октябрдан бошлаб, Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун Йўлланмалар фақат давлат хизматлари маркази ёки ягона Интерактив давлат хизматлари портали (MY.GOV.UZ) орқали берилади.
Йўлланмалар қуйидаги тоифадаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилади:
— Уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар; — Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари; — Республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар; — Чернобил АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар; — Ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар; — I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз II- гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс; — Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар; — Ёшга доир пенсия олувчилар.
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг вакиллари давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказларига келиб мурожаат этадилар ёки давлат хизматидан електрон тарзда фойдаланиш учун ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтадилар.
Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар:
— Фуқаролик паспорти; — Имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат; — Тиббий маълумотномаси; — Пенсия гувоҳномалари сингари ҳужжатлар тақдим этилади; Бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
Йўлланмаларни бериш даврийлиги қуйидагилардан иборат бўлади:
Ҳар йили — навбат асосида:
— Уруш ногиронларига тенглаштирилган шахсларга; — Республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар; — Чернобил AЕС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар; шунингдек, Чернобил AЭС ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахсларга; — Ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга; — Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга,
Икки йилда бир маротаба — навбат асосида:
— Уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга; — Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинларига; — I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, кўзи ожиз II гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахсга; — Уч йилда бир маротаба — навбат асосида ёшга доир пенсия олувчиларга.
Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.
Дилдорахон Солиева, Қўқон шаҳар Давлат хизматлари маркази алоқа оператори.