Жорий йилнинг 26-декабрь куни Фарғона вилояти статистика бошқармаси “Ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси” бўлимининг “Фарғона вилояти жорий йилнинг январь-ноябрь ойлари ҳолатига ташқи савдо айланмаси” мавзусида вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари, блогер ва журналистлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Фарғона вилояти статистика бошқармаси бошлиғининг биринчи Ф.Якубов, “Ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси” бўлими бошлиғи М.Турғунова, мазкур бўлимнинг бош мутахассиси Н.Маҳмудовалар иштирок этдилар. Тадбирни Ф.Якубов кириш сўзи билан очиб, жорий йилнинг январь-ноябрь ойлари якуни билан вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 1913,6 млн. АҚШ долларини ташкил этганлиги, 2021-йилга нисбатан 230,8 млн. АҚШ долларига ёки 13,7 %га кўпайганлиги, ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 770,0 млн. АҚШ долларига ва импорт ҳажми 1 143,6 млн. АҚШ долларига етганлиги ва ҳисобот даврида -373,6 млн. АҚШ доллари қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилганлиги ҳақида кенг ва атрофлича маълумот берди.
Шундан сўнг, Н.Маҳмудова сўзга чиқиб, Фарғона вилоятининг экспорт ва импорт кўрсаткичларига батафсил тўхталиб ўтди. Чунончи, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида вилоятнинг экспортёрлари сони 752 тани ташкил этиб, улар томонидан 770,0 млн. АҚШ доллари қийматидаги товар ва хизматлар экспорт қилиниши таъминланди. Бунда озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисми бўлган 215,1 млн. АҚШ доллари қийматидаги 287,0 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот, 369,9 млн. АҚШ долларилик тўқимачилик маҳсулотлари, хизматлар экспорти ҳажми 11,2 млн. АҚШ долларини ташкил этди.
Бундан ташқари, 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида импорт ҳажми 1 143,6 млн. АҚШ долларини ва 2021-йилга нисбатан 122,1 %ни ташкил этди. Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари 34,7 %, саноат товарлари 23,4 % ҳамда минерал ёқилғи ва ёғлаш мойлари ва шунга ўхшаш маҳсулотлар 15,0 % ҳисобига тўғри келди. Товарлар импорти динамикаси таҳлилига кўра, 2022-йилнинг январь-ноябрь ойларида импорт қилинган товарлар ҳажми, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 209,3 млн. АҚШ долларига кўпайди ва 1 140,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Хизматлар импорти эса 2,7 млн. АҚШ долларига етди. Тадбир сўнггида журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.