«Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»да маиший истеъмолчиларда ўрнатилган ҳисоблагичларни сотиб олиш (электр тармоқларига янги уланадиган якка тартибдаги уй-жойлар ва кўп квартирали уйлардаги хонадонлар), ўрнатиш, рўйхатга олиш, даврий қиёсловдан ўтказиш ва пломбалаш, шунингдек, мавжуд (жумладан, ЭҲНАТга мос келмайдиган) ҳисоблагичларни алмаштириш ҲЭТК (ҳудудий электр тармоқлари корхонаси) маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши, бунда ҳисоблагич хонадон эгасининг буюртманомасига биноан бир ҳафта муддатда унинг иштирокида ҲЭТК ходими томонидан ўрнатилиши белгилаб қўйилган.
Учкўприк туманида юқорида айтиб ўтилган ҳолатларга тааллуқли бўлган вазият кузатилган. Шу туманда яшовчи Қ.С. гуруҳ ногирони бўлган фарзанди учун қуриб битказилган янги хонадонга электр ҳисоблагич ўрнатиш ва қонуний тартибда тармоққа улаш ишлари пайсалга солиб келинаётганлиги ҳолати юзасидан туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган.
Туман жамияти мутахассиси томонидан мурожаатда келтирилган важларга аниқлик киритиб олингач, ушбу масалада туман электр таъминоти корхонасига сўров хати киритилди. Унинг асосида эса мурожаат эгасининг ўғли Т.Э.нинг хонадонига электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига мос бўлган ҳисоблагич ўрнатилиб, ушбу абонентга бириктирилди ҳамда хонадон қонуний асосларда электр тармоғига улаб берилди.