Замонавий сабзавотчиликда муваффақият калити

Ўзбекистон сабзавот етиштириш секторида томчилатиб суғориш усулини қўллаш ҳолатлари, асосан, йирик хўжаликларда учрайди. Ўрта ва кичик деҳқон/фермер хўжаликларида эса бу технологиядан фақат сув танқис бўлган ҳудудлардагина фойдаланилади, чунки, аксарият фермерларнинг фикрича, томчилатиб суғоришни жорий этишнинг асосий сабаби сувни тежашдир. Ваҳоланки, ушбу тармоқ экспертлари ва мутахассисларининг қайд этишича, мазкур технологияни татбиқ қилишдан асосий мақсадлар – юқори сифатли экспортбоп маҳсулот етиштириш ва ҳосилдорликни ошириш ҳамда кучли тупроқ эрозиясининг олдини олиш ҳисобланади.

Томчилатиб суғориш технологияси сабзавот етиштириш бизнесини тубдан ўзгартириб юбориши ҳақида жаҳондаги етакчи корхоналардан бири ҳисобланадиган Syngenta компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош мутахассиси Эркин Усмонхўжаев билан суҳбатлашдик.

Фото: Эркин Усмонхўжаев

Экспертнинг сўзларига кўра, томчилатиб суғориш тизими замонавий сабзавотчиликда муваффақият калитидир, фақат уни тўғри қўллай билиш лозим. Зеро, ўрта ва кичик деҳқон/фермер хўжаликлари ҳам ушбу технология ёрдамида сабзавот етиштириб юқори даромад олишга эришиши мумкин.

– Эркин ака, сабзавот етиштиришда ариқдан суғоришдан томчилатиб суғоришга ўтиш қандай қилиб фермер даромадини кескин ошириши мумкин?

– Ариқдан суғоришдан томчилатиб суғоришга ўтиш, биринчидан, ҳосилнинг пишиб етилиш даврини 7-10 кунга қисқартиради.  Эртаки сабзавотлар бозорида бу жуда муҳим омил. Чунки, одатда, эртаки сабзавотлар нархлари кундан-кунга пасайиб боради. Бу дегани, маҳсулотингизни қанча эрта бозорга олиб чиқсангиз, шунча қиммат нархда сота оласиз. Иккинчидан, томчилатиб суғориш тизимини жорий этиб етиштирилаётган сабзавот сифатини кескин ошириш, яъни, маҳсулот чиройли кўринишдаги йирик калибр ва яхши таъм сифатларига эга бўлади.

Энг асосийси, сабзавотларнинг ҳаммаси ҳажм жиҳатидан бир хил бўлиб, сақлаш муддати ҳам узаяди. Маълумки, юқори сифатли маҳсулотни анча қиммат нархларда сотиш мумкин, паст сифатли маҳсулотни эса арзон баҳода ҳам сотиш амри маҳол. 

Учинчидан, томчилатиб суғориш усулига ўтиш сабзавотчиликда ҳосилдорликни 20дан 80 фоизгача (экин турига қараб) оширади, бу эса даромадни кескин ошишидан далолатдир. Қолаверса, томчилатиб суғоришда минерал ўғитлар учун харажатлар ариқдан суғориш билан солиштирганда, қарийб икки баробаргача камайиши мумкин. Шунингдек, ёқилғи ва меҳнат ресурслари чиқимларини ҳам сезиларли даражада тежалади.

– Бундай натижаларга ариқдан суғориш усулининг камчиликларини бартараф этиш ҳисобига эришилади, шундайми?

– Албатта. Ариқдан суғоришда энг катта муаммолар – тупроқнинг “олтин” қатлами ювилиб кетиши, ерни зах босиши, ўсимликлар нотекис ривожланиши, экинлар “чанқаши” ва сўнгра “бўктириб” суғориш натижасида уларнинг “стресс” ҳолатига тушиши, сув ва минерал ўғитларнинг юқори сарфи,  сифатли сабзавот етиштириш имкониятини чекланганлигидир.  

Ариқдан суғорганда тупроқнинг устки қатлами ювилиб кетиши, яъни кучли тупроқ эрозияси ҳолати юз беради. Аниқ рақамларни келтирадиган бўлсак, тупроқ турига қараб ҳар бир суғоришда гектарига ўртача 200 тоннагача тупроқнинг озуқага бой бўлган устки қатлами ювилиб кетади ва бу ернинг янада “камбағаллашиши”га олиб келади. Бошқача айтганда, ариқдан суғоришда тупроқнинг ўсимликлар учун зарур бўлган “олтин” қатлами ювилиб кетади. Ушбу “қимматбаҳо” қатлам сув билан бирга зовурларга оқиб кетиши натижасида ер ости сувлари сатхи кўтарилиб ер майдонини зах босиши ёки шўрланишига олиб келади.

Ариқдан суғорилганда экинлар бир хил ва бир текис ривожланмайди – эгатнинг қуйи қисмидаги ўсимликлар сув ва минерал ўғитларга керагидан ортиқ “тўйинади” ёки  “бўкиб” қолади. Эгатнинг юқори қисмидаги экинларга эса керакли миқдорда сув ва озуқа етиб бормайди. Бундан ташқари, экинларнинг “чанқаши” ва сўнгра “бўктириб” суғорилиши “стресс” ҳолатлари, шунингдек, илдиз чириши касалликларининг ҳам кўпайишига олиб келади.

Эгатлаб суғоришдаги яна бир муаммо – ресурсларнинг юқори сарфи. Ариқдан суғорганда нафақат сув, балки минерал ўғитлар сарфи ҳам анча катта ва бунда меъёрни назорат қилиш деярли имконсиз. Қолаверса, ариқдан турли ўсимликлар уруғлари оқиб келиши суғориладиган далада бегона ўтларни кўпайишига сабаб бўлади. Табиийки, бунда даладаги бегона ўтлардан тозалаш харажатлари, яъни техника, ёқилғи ва ишчи кучи сарфи ошади.

Ва ниҳоят, ариқдан суғоришдаги олтинчи катта муаммо – сабзавотларни етиштириш даврида зарур бўладиган макро, мэзо ва микро элементлар танқислигини вужудга келиши. Ушбу элементлар етишмаслиги сабзавот таъми ва ташқи кўринишига салбий таъсир кўрсатиб, маҳсулотда бир қанча нуқсонлар пайдо бўлиши натижасида ҳосилнинг салмоқли қисмини чиқитга чиқишига сабаб бўлади.

Инфографика №1: ариқдан суғориш усулининг афзалликлари ва камчиликлари

Бугунги кунда ариқдан суғориш усулининг барча камчиликларини бартараф этишда замонавий технологияларга асосланган ягона ечимларидан бири – бу томчилатиб суғориш тизимидир. Ушбу технологиянинг асосий афзаллиги шундаки, у экинларнинг ўсиши, илдиз атрофидаги намлик ва тупроқ таркибида зарур моддалар миқдорини назорат қилиш имконини беради. Томчилатиб суғориш тизимида сув ва минерал ўғитлар экинларнинг муайян даврдаги эҳтиёжига мос равишда бутун дала бўйлаб бир текисда, керакли вақтда, керакли миқдорда ва меъёрда берилади. Бунда сув ҳамда минерал ўғитлар самарадорлиги  юқори бўлади. Тупроқда ортиқча намлик юзага келишига йўл қўйилмайди ва ўсимликларнинг илдиз муҳитида идеал ҳолат кузатилади. Бу дегани, экинлар бир хил ва бир текис ривожланади, улар “стресс”га учрамайди, илдиз чириши касалликлари ҳам кескин камаяди.

Томчилатиб суғориш тизими орқали ўсимликларни макро, мэзо ва микро элементлар билан таъминлай оламиз, бу эса сабзавот сифати яхшиланишида жуда ҳам муҳим. Қолаверса, ўсимликлар соғлом униб-ўсади, етиштирилган сабзавот эса чиройли кўриниш, мазали таъм, бир хил калибр ва яхши транспортабеллик хусусиятига эга бўлади. Ўз навбатида, шуни ҳам айтиш жоизки, паст-баланд ерлар, қумли ва тош-шағалли жойларда сабзавот етиштириш жараёнини бошқаришда томчилатиб суғориш технологиясининг аҳамияти каттадир.

Инфографика №2: томчилатиб суғоришнинг афзалликлари ва камчиликлари

– Маълумки, томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш ўзига яраша сармоя талаб қилади.  Бунда инвестицияларнинг ўзини оқлаш муддати қанча? 

– Тўғри, ҳар қандай замонавий технологияни жорий этиш дастлабки сармояни талаб қилади ва томчилатиб суғориш ҳам бундан мустасно эмас. Сабзавот экинлари далаларида томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш ва уни ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар бир неча омилларга боғлиқ. Даланинг умумий майдони, экин тури ва қатор ораларидаги масофа, ер ландшафтлари, тупроқ тури ва бошқалар шулар жумласидандир. Дастлабки сармоя миқдори ушбу параметрларга, томчилатиб суғориш тизимининг талабларига ва лойиҳанинг нечоғли мураккаблигига қараб катта фарқ қилиши мумкин.

Бироқ, бундай тизимни ўрнатишда дастлабки сармояга эга бўлмаганлар учун муаммонинг ечими бор. Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли давлат дастури мавжуд.

Ушбу дастурга мувофиқ, сув тежовчи технологияларни жорий этаётган фермер хўжаликларига бундай тизимларни ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш (субсидия), 5 йил муддатли имтиёзли кредитлар ва солиқ имтиёзлари тақдим этилади. 

Инфографика №3: субсидиялар, имтиёзли кредитлар ва солиқ имтиёзлари

Ушбу инвестицияларнинг ўзини оқлаш муддати масаласига келсак, ўзимнинг тажриба ва кузатувларимга асосланиб, қуйидагиларни айтишим мумкин:

Эртаки сабзавот етиштириш мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш учун дастлабки сармоя атиги 1 мавсумда ўзини оқлайди! Бу ҳолатда сабзавот экинларининг ариқдан суғориш усулида етиштирилган сабзавотларга нисбатан анча эрта пишиши муҳим роль ўйнайди. 

Юқорида айтганимдек, маҳсулотни 7-10 кун эртароқ бозорга чиқариб, анча қиммат нархда сотиш ҳисобига томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш учун дастлабки сармояни атиги 1 мавсумда қоплашингиз мумкин.

Агар бозорга эрта чиқариш унчалик муҳим омил бўлмаган сабзавотларни ҳисобга олсак, бунда маҳсулотнинг ҳосилдорлиги ва сифати муҳим аҳамиятга эга. Бу вазиятда томчилатиб суғориш тизимини ўрнатишга сарфланган дастлабки сармоя ҳосилдорлик ошиши ва маҳсулотнинг юқори сифати, шунингдек, маҳсулот партиясидаги нуқсонли товарлар улуши кескин камайиши ҳисобига 2-3 мавсумда ўзини оқлайди.   

– Томчилатиб суғориш тизимини эксплуатация қилиш харажатлари ва бошқа қўшимча чиқимлар ҳақида нима дейиш мумкин?

– Албатта, ариқдан суғориш билан солиштирганда, томчилатиб суғоришда электр энергияси сарфи ва тўлови билан боғлиқ қўшимча харажатлар келиб чиқади. Бундан ташқари, мевали боғлардан фарқли ўлароқ, сабзавот плантацияларида дала контуридан ўсимликларгача чўзилган томчилатиб суғориш шланглари (аммо бу жуда арзон шланг) ва лайфлетлари ҳар йили ўзгартирилиши керак. Бундан ташқари, томчилатиб суғориш тизими самарали ишлаши учун фильтрларни мунтазам равишда текшириб, тозалаб туриш лозим, шунда томчилатиб суғориш учун мўлжалланган найчалар тиқилиб қолмайди.

Аммо, бу қўшимча харажатларнинг бари минерал ўғитлар, ёқилғи ва ишчи кучи сарфи сезиларли даражада тежалиши эвазига қопланади.  

– Сабзавотчиликда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишга қарор қилган фермерларга қандай тавсияларни берган бўлардингиз?

– Ишни сабзавот етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини муваффақиятли жорий этган фермерларнинг тажрибасини ўрганишдан бошланг. Шунингдек, томчилатиб суғориш усулида сабзавот етиштириш бўйича етарлича тажрибага эга малакали агроном билан маслаҳатлашинг.

Томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш учун компания танлаш масаласига жуда ҳам масъулият билан ёндашинг. Сабзавот етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини ўрнатишда катта тажрибага эга бўлган компанияларнигина кўриб чиқинг, зеро, ушбу технологиядан фойдаланишда сиз етиштирмоқчи бўлган сабзавот турлари бўйича  муваффақиятли амалга оширилган лойиҳаларнинг аҳамияти катта. Томчилатиб суғориш тизимини ўрнатувчи компания учун техник шартларни тўғри тузиш муҳим. Энг мақбули – техник шартларни тузиш ва тизимни лойиҳалаш босқичида мустақил, тажрибали экспертни жалб қилишдир. Шуни ёдда тутиш керакки, тизимни лойиҳалаш босқичида йўл қўйилган кичик хатолар ҳам келажакда анча қимматга тушиши мумкин.

Кўп йиллик материаллар ва томчилатиб суғориш тизимининг таркибий қисмлари юқори сифатли бўлиши керак. Шунингдек, ҳовуз  ҳам пухта лойиҳалаштирилиши ва сифатли қурилган бўлиши керак. Акс ҳолда, «арзон-гаровчилик” ва томчилатиб суғориш тизимининг бутун бошли конструкцияси ёки алоҳида қисмлар нархини асоссиз равишда пасайтириш, кўпинча, эксплуатация пайтида муаммоларга олиб келади ёки кутилган самарани бермайди. 

Томчилатиб суғориш тизимига ўтишни режалаштираётганларнинг ҳар бирига маслаҳатим шуки, иш бошлашдан қўрқманг, бу технология даромадингизни кескин оширибгина қолмай,  бизнесингиз самарадорлиги ва барқарорлигини ҳам таъминлайди. Зеро, келгусида мева-сабзавотчилик секторида юқори сифат ва ҳосилдорлик, шунингдек, ресурслардан оқилона фойдаланиш – муҳим мезонлар бўлиши, шубҳасиз.

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтмоқчиманки, экспортбоп сабзавот етиштираётган фермерларнинг сўзларига кўра, улар ариқдан суғориш усулидан буткул воз кечган. Негаки, юқори сифатли экспортбоп сабзавот экинларини фақат томчилатиб суғориш усули билангина етиштириш мумкинлигига ўзлари амин бўлишди. Қолаверса, мамлакатимиз ички бозорида ҳам юқори сифатли маҳсулотларга талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда, сабаби, аҳолининг харид қобилияти ошмоқда.

Мен малака ошириш, тренинглар ва тажриба алмашиш мақсадида кўплаб хориж мамлакатларида бўлганман. Сув ресурслари сероб бўлган жойларда, ҳатто ёнгинасидан катта дарё оқиб ўтадиган далаларда ҳам томчилатиб суғориш усулида сабзавот етиштирилаётганини кўрганман. Фермерлардан нима учун сув сероб шароитида бу усулга ўтишгани сабабини сўраганимда, улар шундай жавоб беришган: “Биз учун сабзавотларнинг юқори сифати – энг муҳим омил”. Яъни, улар учун маҳсулотнинг ташқи кўриниши, ҳажми, таъм кўрсаткичлари ва бир хил калибрдаги страндарт ҳосил жуда ҳам аҳамиятли.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда томчилатиб суғориш тизимини сабзавотчилик секторида татбиқ қилиш кўпчилик ўйлаганидек, шунчаки мажбурият эмас, балки, замонавий агробизнес нуқтаи назаридан олиб қаралганда, ҳаётий заруратдир!

Наврўз Хуррамов.