Фарғона шаҳрида ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш цехи ташкил қилиб, 544,6 млн сўмлик табиий газни ўғирлаганлар қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Қайд этилишича, ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ва ҳудудий штаблар томонидан энергия ресурсларини талон-торож қилинишини фош этишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, Фарғона шаҳрининг Кимёгарлар кўчасидаги нотурар объектда фуқаро Р.А. ва бошқалар олдиндан жиноий тил бириктириб, ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш цехи ташкил қилган. Қўлбола газ қурилмаларини (горелка) ўзбошимчалик билан ер остидан ўтган юқори босимли газ қувурига яшириш равишда улаб, 544,6 миллион сўмлик 209,4 минг куб метр табиий газни ўғирлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Р.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.