Ўзбекистон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Ҳаётобод кўчасида яшовчи Ш.Т.нинг электр таъминоти корхонаси томонидан хонадонига асоссиз қарздорлик ҳисобланаётганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди. Истеъмолчи мурожаатида истеъмол қилинган электр энергияси тўловларидан 574 000 сўм қарздорлик келиб чиққанлигини маълум қилади.
Туман жамияти мутахассислари истеъмолчининг хонадонида янги русумдаги электр ҳисоблагич ўрнатилганлиги, ушбу русумдаги ҳисоблагичлар абонентда нафақат катта миқдорда, балки оз миқдорда бўлсада қарздорлик келиб чиқишига йўл қўймасдан тармоқдан узиб қўйишини ҳисобга олиб, шунингдек унга 574 000 сўм қарздорлик бўйича СМС хабарномаси келиб тушганлиги ҳолатига аниқлик киритиш мақсадида туман электр таъминоти корхонаси масъуллари билан боғланганларида, улар томонидан тизимда янги дастурий таъминот ишга туширилиши жараёнлари кетаётганлиги, истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақами кўриб чиқилиши натижаларига кўра абонентда қарздорлик эмас, олдиндан тўлов суммаси мавжудлиги маълум қилинди.
Ўрганиш ишлари доирасида томонларга амалдаги қонунчилик тарғиботи олиб борилиб, истеъмолчига СМС шаклида юборилган хабарномадаги қарздорлик суммасининг асоссизлиги ёзма равишда маълум қилиниб, жавоб хати юборилди.