Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Шарқ бирлашув кўчасида яшовчи Н.А.нинг харид қилинган кир ювиш машинасида нуқсон аниқлангач сотувчи томонидан олиб кетилиб, уни сифатлисига алмаштириб берилиши ишлари пайсалга солиб келинаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.
Мурожаат эгасига кўра, у 6 кг юкламали Ziffler автомат кир ювиш машинасини Қўқон савдо комплекси ҳудудидаги савдо дўконидан 3 906 000 сўмга сотиб олган. Лекин фойдаланишда нуқсон аниқлангач, сотувчига қилган мурожаати асосида кир ювиш машинаси олиб кетилиб, алмаштириб берилиши ваъда қилинган бўлсада, бу ишлар шу кунга қадар пайсалга солиб келинган.
Шаҳар жамияти мутахассислари юқорида номи зикр этилган савдо комплекси ҳудудида фаолият олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор Ш.О. билан учрашиб, унга амалдаги қонунчилик талабларини тушунтиришлари билан муаммо тездагина ечим топди. Ўрганиш ишлари жараёнида истеъмолчига нуқсонли маиший техника ўрнига худди шу русумдаги ва мақбул сифатдаги кир ювиш машинаси етказиб берилди.