Президент 03.01.2023 йилда ПФ-1-сон«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонни имзолади.
2024йил 1 майдан бошлаб:
суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини фақат электрон шаклда бериш тартиби жорий этилмоқда. Бунда:
— иқтисодий суднинг ҳужжатлари асосида бериладиган ижро ҳужжатлари фақат электрон шаклда берилади;
— бошқа судлар иши бўйича – қоида тариқасида электрон шаклда;
— суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро ҳужжатлари QR-код билан тасдиқланади ва ЭРИ билан расмийлаштирилади;
— юридик шахслар томонидан суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатлари ва ижро иши юритиши доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатлар уларнинг солиқ тўловчи шахсий кабинети орқали олинади ва тақдим этилади;
— жисмоний шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки интерактив хизматларни кўрсатадиган терминаллар орқали ижро ҳужжатларини олиш ва тақдим қилишлари мумкин;
фуқаролардан қарздорликлари учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад белгиланмоқда. Бунда:
— даромадларнинг кафолатланган энг кам миқдори фуқароларнинг қарздорликлари бўйича пул маблағларини ундиришда қўлланилади ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмига мос келади;
— фуқароларнинг банк ҳисобварақларидан, жумладан банк карталаридан ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорлик бўйича пул маблағларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмидаги маблағлар ҳисобидан ушлаб қолиш (ҳисобдан чиқариш) тақиқланади.
2024 йил 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш фақатгина мол-мулкни қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
2024 йил 1 декабрдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминловчи «Мажбуриятлар реестри» (кейинги ўринларда – Реестр) институти жорий этилади. Бунда:
Реестр Мажбурий ижро бюроси томонидан юритилади;
қарздор мол-мулки йўқлиги сабабли ундирув амалга ошириш имконияти бўлмаганда, у ҳақидаги маълумотлар мажбурий тартибда Реестрга киритилади;
қарздор ҳақида маълумот Реестрга киритилгандан кейин унга нисбатан ижро иши доирасида қўлланилган барча чекловлар сақлаб қолинади;
қарздор ижро ҳужжати бўйича мажбуриятини бажарганда, у вафот этганда, ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёхуд ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, қарздорнинг 10 йил давомида мол-мулки ёки пул маблағлари ҳақида маълумот аниқланмаганда ёки қарздор банкрот деб топилганда, ундирувчининг аризасига кўра, у ҳақидаги маълумотлар Реестрдан чиқарилади.
Мажбурий ижро бюросига асосий фаолияти вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасидан молиялаштириладиган қўшимча 230 та давлат ижрочиси штат бирлиги ажратилади. Бунда давлат ижрочиси лавозимига олий маълумотга эга бўлган шахсларни қабул қилинишига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, амалдаги ўрта махсус маълумотга эга давлат ижрочилари Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида босқичма-босқич ўқитилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.01.2024 йилдан кучга кирди.