Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шаҳарнинг А.Навоий кўчасида яшовчи фуқаро А.С. мурожаат қилиб, харид қилинган мебелнинг нуқсонли чиққанлиги ва уни сотувчи томонидан алмаштириб бериш ишлари пайсалга солиб келинаётганлиги ҳолати юзасидан мурожаат қилган.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у шаҳардаги мебел маҳсулотларини сотувчи дўкондан 2 000 000 сўмга кийимлар учун жавон харид қилган. Сотувчи вакили жавонни уйга ўрнатиб кетгач, кийимларни жавонга жойлаш жараёнида унинг ички қисмида нуқсон борлигини кўргач, сотувчига бу борада мурожаат қилган. Сотувчи худди шундай русумдаги жавон сотувда қолмаганлиги, уни 10 кун ичида, яъни Тошкент шаҳридан товарнинг янги партияси келиши билан алмаштириб беришга ваъда берилган бўлсада, орадан 20 кун ўтса ҳамки ваъда бажарилмаган.
Шаҳар жамияти мутахассиси мурожаатни ўрганиш давомида сотувчи билан учрашиб, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 13-14-моддалари талабларини тушунтиргач, сотувчи шу кунни ўзида нуқсонли жавонни қайтариб олиб, уни бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берди. Олиб борилган ишлар натижаси билан истеъмолчининг 2 000 000 сўм зарар кўришининг олди олинди.