11 август куни «Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023−2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори[ПҚ-299-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Унда ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштиришгадоир ишлаб чиқиладиган ҳужжатларнинг қуйидаги даражалари белгиланди:
* биринчи даражада — ҳудудларнинг рақобат устунликлари ва барқарор ривожланиш драйверларини аниқлаб берувчи Ўзбекистон ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош схемаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш схемалари,Агломерацияларни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади;
* иккинчи даражада — шаҳарлар (шаҳарчалар) ва шаҳар атрофи зоналари интеграцияси асосида шаҳарларнинг (шаҳарчаларнинг) бош режалари, шунингдек, қишлоқ аҳоли пунктларининг ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемалари ишлаб чиқилади;
* учинчи даражада — ҳудудларнинг аниқ муаммоларини бартараф этишга йўналтирилган, ўзида шаҳарсозлик, ижтимоий-иқтисодий, экологик ва бошқа лойиҳа ечимларини мужассамлаштирган мастер режалари ёки батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш республика маркази ташкил этилди. Марказ Давлат шаҳарсозлик кадастрини юритади.
Шунингдек, 2024 йил 1 июлгача «Менинг ҳудудим» электрон платформаси ишлаб чиқилади.
Платформада аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ва мастер режаларини ишлаб чиқишдажамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда овоз бериш механизми жорий этилади.