Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси мамлакат ҳукумати ва таълим билан у ёки бу тарзда боғлиқ бўлган барча томонларни «инклюзивлик ва сифатли таълимга эътибор қаратган ҳолда мактабгача ва мактаб таълими масалаларига яна бир бор эътибор қаратишга» чақирмоқда.
Европа ва Марказий Осиёдаги энг камбағал оилаларнинг ёш болалари саводхонлик ва ҳисоблаш бўйича асосий кўникмаларни эгаллашда 2,5 баравар кўпроқ орқада қолади. Айни пайтда Ўзбекистонда кўплаб болаларнинг билим эгаллаш кўрсаткичлари кутилган даражадан пастлигича қолмоқда. Сўнгги мустақил тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бошланғич синф ўқувчиларининг 30 фоизи 4-синф охирида ўз ёши даражасидаги матнни ўқий олмайди ва тушуна олмайди, дейилади фонд хабарида.
Шунингдек, тадқиқотлар 1−9-синфларда ногиронлиги бўлган ва бўлмаган ўқувчилар ўртасида ўқиш имконияти бўйича фарқ 20 фоиздан кўп эканини кўрсатади. Бу тафовут ўрта мактаб ва касб-ҳунар таълимида икки баробардан (46 фоиз) кўпроқ (БМТ маълумотлари, 2019).
2023 йилда ЮНИСЕФ Ўзбекистон ҳукуматини таълим соҳасини ислоҳ қилиш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлади. Ушбу ҳужжатнинг мақсади ҳукумат, ривожланиш бўйича ҳамкорлар, ўқитувчилар, ота-оналар, ўқувчилар ва мактаб ҳамжамиятларини трансформатив сифатли таълимнинг белгиланган стратегик мақсадларига эришиш учун бирлаштириш ҳисобланади.
«Йўл харитаси» Ўзбекистоннинг БМТ Бош ассамблеясининг Таълим соҳасидаги глобал ўзгаришлар бўйича 77-саммитида қабул қилган мажбуриятларига мувофиқ бўлиб, унда «глобал жамоат манфаати сифатида таълимга сиёсий ва молиявий садоқатни фаоллаштириш ҳамда 4-барқарор ривожланиш мақсадига эришиш йўлидаги тараққиётни жадаллаштириш зарурати (Инклюзив ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ва барча учун умр бўйи таълим олиш имкониятини рағбатлантириш)» қайд этилган.
«Йўл харитаси»га мувофиқ, ривожланиш бўйича ҳамкорлар таълим соҳасидаги стратегик ислоҳотларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш, жумладан, яқин уч йилда таълимни ривожлантириш соҳасига 600 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармояни жалб қилиш мажбуриятини олган.
«Ўқув йилининг бошланишидан фойдаланиб, Ўзбекистонда инклюзивлик ва таълим сифати тамойилларига риоя этилишини таъминлаш лозим. Болалар мактабга қайтар эканлар, уларга сифатли, инклюзив ва хавфсиз таълим берилишига чин дилдан умид қиламан. Мактаблар мамлакатдаги ҳар бир қиз ва ўғил бола учун ўз салоҳиятини очиш имкониятини беришига барчамиз интилишимиз керак», — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.
«Ҳар бир бола сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлиши учун ЮНИСЕФ инклюзив таълим сиёсатини фаол қўллаб-қувватлайди. ЮНИСЕФ уйларда, мактабларда ва ҳамжамиятларда тенглик, хилма-хиллик ва инклюзивликни рағбатлантирар экан, таълим тизими ҳамда тегишли ижтимоий ёрдам кўрсатишни такомиллаштиришга кўмак беради. Таълим соҳасини ислоҳот қилиш дастурида барча болаларнинг тўлиқ салоҳиятини рўёбга чиқариш учун янада хавфсиз, ҳимояланган ва инклюзив таълим муҳитини яратиш учун далилларга асосланган қарорлар устувор бўлиши керак», — дея қайд этган фонд.
«Инклюзив таълим ўқув дастурига эмас, балки болага қаратилган. Бундай ёндашув ҳар бир боланинг, жумладан, ногиронлиги бўлган ва қўшимча ёрдамга муҳтож болаларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган педагогикани қўллаш орқали барча болалар учун энг яхши таълим натижаларини таъминлайди», — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси таълим бўлими раҳбари Альберто Бианколи.
«ЮНИСЕФ ривожланиш бўйича ҳамкорлар ва ҳукуматни халқаро конвенциялардан келиб чиққан ҳолда ўз мажбуриятларини бажаришга ҳамда барча болалар, жумладан, ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга уларнинг тенгдошлари каби сифатли таълим олишдан тенг фойдаланишни ҳамда бир хил ҳуқуқ ва эркинликларни кафолатлашга чақиради», — дейилади фонд хабарида.