Қўштепа туманида ўтказилган тезкор тадбирда «наша» етиштираётган фуқаро жазога тортилди

Д. Султонов ҳалол меҳнат эвазига яшаш, ҳалол йўл билан пул топиш, оила боқиш ўрнига, кайфу сафога берилди. Гўёки, наша унинг ғам-ғуссаларини унутишга ёрдам берадиган ва ёки муаммоларини ҳал қилиб берадигандек, наша чекиш ва уни етиштиришга муккасидан кетди. Ҳадеб пулга сотиб олиш ҳам яшаш шароитини бузаётгани сабаб, нашани уйида етиштиришга қарор қилди.

Аммо унинг бу қинғир иши  Ички ишлар ходимларини эътиборидан четда қолмади. Қўштепа тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, хонадон ертўласидан яшил рангли, майдаланган, қуритилган ҳолдаги моддалар сақланаётгани аниқланди. Бу воситалар холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида олинди.

Суд кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, Д.Султонов хонадонидан ашёвий далил тариқасида олинган моддалар «марихуана» деб аталувчи гиёҳвандлик моддаси бўлиб, унинг соф оғирлиги 54 граммни ташкил қилиши аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича ўтказилган суд жараёнида Д. Султонов айбига тўлиқ иқрор бўлди ҳамда унга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Қўштепа тумани суди томонидан тегишли жазо, яъни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ақлшер АҲМАДАЛИЕВ, Баҳодир АҲАДОВ,

Фарғона вилояти Қўштепа тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчилари.