Янгиланаётган Конституция – мукаммаллашаётган нормалар

Янгиланаётган Конституцияда суриштирув, тергов ва суд жараёнида инсон ҳуқуқларига оид энг муҳим кафолатлардан хабардормисиз?

Келинг, бугунги мақоламизда бу ҳақида сўз юритсак.

Янгиланаётган Конституцияда шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асослари тушунтирилиши шартлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, шахс ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги навбатдаги кафолат сифатида мустаҳкамланмоқда.

Айбдорликка оид барча шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Яъни, шахснинг айбини исботловчи аниқ далиллар бўлмасдан туриб, уни шубҳа ва гумонлар асосида айбдор деб ҳисоблаш мумкин эмаслиги мустаҳкамланмоқда.

Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.

Ҳибсга олиш, қамоққа олиш ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади.

Ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон ва бошқа хабарлар сир сақланишини чеклашга ҳамда уй-жойда тинтув ўтказишда фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.

Юқоридаги нормалар янгиланаётган Конституциямизда акс этмоқда. Ҳўш, ушбу нормалар қаердан ва нима сабабдан бош қомусимиздан ўрин олмоқда?

“Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтганларнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши фойдаланиши мумкин”. Бу машҳур ибора бир неча марта жиноий жавобгарликка тортилган Эрнест Артуро Миранда исмли АҚШ фуқаросининг номи билан боғлиқ.

Гап шундаки, 1966 йили бир неча жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган Мирандага сўроқ қилинишидан олдин унинг гумондор сифатида ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилмаган. Миранда ўз ҳуқуқларини билмагани ҳолда айбига иқрорлик кўрсатувларини берган. Дастлабки суд ҳукмида бундай кўрсатувлардан эса унинг иқрорлигига исбот сифатида фойдаланилган.

Кейинчалик суднинг бу ҳукми Миранда ўз ҳуқуқларидан хабардор қилинмаганлиги сабабли АҚШ Олий суди томонидан бекор қилинган.

Нега деганда АҚШ Конституциясида айбланувчи айбловнинг моҳияти ва асосларидан хабардор бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, ҳеч ким жиноий ишларда ўзига-ўзи қарши гувоҳлик беришга мажбур қилиниши, ҳеч бир шахс  қонуний судда кўрилмай ҳаёти, эркинлиги ёки мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, ўз ҳимояси учун адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган эди.

Шундан буён “Миранда қоидаси” дастлаб сўроқ қилиш олдидан ёки ушлаб туриш вақтида гумон қилинувчи ва айбланувчига ҳуқуқларини тушунтирилишини кафолатлади.

Бугунги кунда “Миранда қоидаси” барча давлатлар Констутуцияси ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда умумэътироф этилган норма сифатида белгиланган ва ушбу қоида Конституция даражасида белгиланиши лозим бўлган инсон ҳуқуқларига оид энг асосий қоида ҳисобланади.

Бошқача айтганда, гарчи “Миранда қоидаси” Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексида у ёки бу кўринишда акс эттирилган бўлсада, уни жиноят қонунчилигида белгилаб қўйишнинг ўзи камлик қилади.

Бу қоида асосий қонунда ифодаланиши керак ва қолаверса, Конституция  халқа энг яхши таниш ва тушунарли ҳужжат ҳисобланади. 

С.Шокиров, Фарғона туманлараро маъмурий суди судьяси.