Ўзбекистонда 2024 йилдан тиббий маълумотномалар электрон шаклда берилади

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномалар электрон шаклга ўтказилади. Бу ҳақида жорий йилги Давлат дастури лойиҳасида келтириб ўтилди.

Ушбу амалиёт Навоий ва Сирдарё вилоятларида — 2023 йил 1 июлдан, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида — 2023 йил 1 октабрдан бошлаб, республиканинг бошқа ҳудудларида эса — 2024 йил 1 январдан бошланади. 2024 йил 1 январдан бошлаб тиббий маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилиш тақиқланади.

Лойиҳага кўра, 2023 йилда 30 та оилавий поликлиника, 110 оилавий шифокорлар пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, эшитиш заифлиги мавжуд бўлган 250 дан ортиқ болаларда кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш, шунингдек, бундай операциялар ўтказилган 132 нафар болаларда нутқ процессорларини алмаштириш чоралари ҳам кўрилади. Мазкур амалий тадбирларга эса 308,4 млрд сўм маблағ ажратилади.

Қайд этилишича, лойиҳада 2023 июлдан Тошкент шаҳрида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари ҳам жорий етилади. Бунда тиббий хизматларни молиялаштириш яхшиланиши ҳисобига аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ошади.

Шунингдек, 2023 йил якунига қадар ногиронлиги бўлган шахсларни амбулатор ва стационар шароитда бепул тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўлами 30 минг нафарга етказилади. Натижада, бепул тиббий-ижтимоий реабилитация хизматини олаётган ногиронлар сони амалдаги 15 минг нафардан 30 минг нафаргача етказилади.

Мазкур тадбирларга эса жорий йилда қўшимча 5 млрд сўм маблағ ажратилади.