Фарғонада давлатга 2 млрд сўмдан ортиқ зарар етказган майнинг фермалар аниқланди

Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ва Қўқон шаҳрида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётган майненг фермалар аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятлар қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Хусусан, Ўзбекистон туманида ўтказилган терговга қадар текширувда «К.А.» МЧЖ раҳбари М.А. корхонанинг Учкўприк туманидаги ёрдамчи хўжалигида гўёки компьютер техникаларини таъмирлаш цехини ташкил этиб, амалда 179 дона Antminer майнинг қурилмаларини ўзбошимчалик билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улагани аниқланди. 794,7 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларига 1,8 млрд сўм зарар етказгани маълум бўлди.

Шунингдек, Қўқон шаҳридаги текширувда фуқаро С.С. Ўрикзор кўчасидаги уйида гўёки музлаткичларни таъмирлаш цехи ташкил этиб, амалда 6 дона Antminer майнинг қурилмаларини ўзбошимчалик билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, 126,1 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларига 283,8 млн сўм зарар етказганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185−2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.