Шаҳар жамияти аралашуви билан чала қолиб келган иш ниҳоясига етказилди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Зухро кўчасида яшовчи А. Эшматовнинг сув таъминоти корхонаси хонадонига нореал қарздорлик ҳисоблаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатини ўрганилиши жараёнида биргина унинг эмас, балки шаҳардаги яна 1372 нафар истеъмолчининг худди шу масаладаги муаммоси мавжудлиги аён бўлиб қолди.

Ўрганишлар жараёнида «Фарғона сув таъминоти» МЧЖ Марғилон филиалининг электрон базасида нореал қарздорлик сифатида эътироф этилиб, лекин тегишли тартибда тасдиқланмасдан турган юқоридаги мингдан ортиқ истеъмолчиларга ҳисобланган 172 млн 346 минг 329 сўмлик сумма мавжудлиги, ушбу суммалар эса ташкилотнинг республика органи томонидан тасдиқлангачгина базадан чиқарилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Шаҳар жамияти мутахассислари мазкур масалага аниқлик киритиш учун ташкилотнинг республика бошқаруви масъул ходимлари билан боғланганларида, масала жиноят ишлари бўйича суднинг 27.07. 2022 йил кунги қарорига илова қилинган рўйхатнинг айнан масалани кўриб чиққан суд идораси томонидан тасдиқлаб берилиши билан ҳал қилиниши мумкинлиги маълум бўлди.

Ўрганиш ишлари доирасида мазкур рўйхат суд идораси томонидан тасдиқланиб, ичимлик суви таъминоти ташкилотининг юқори турувчи республика ташкилотига электрон тарзда тақдим қилиниши билан, шаҳардаги 1372 нафар истеъмолчилар учун бош оғриғи бўлиб келаётган 172 млн сўмдан ортиқ маблағнинг нореал қарздорлик сифатида электрон базадан олиб ташланиб, истеъмолчилар фойдасига чегириб берилишига эришилди.

Саидхон Хапизов, Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси.