Ўзбекистонда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш ва соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш юзсаидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бошчилигидаги ишчи гуруҳ водий вилоятларига ташриф буюриб, соҳа мутахассислари билан учрашувлар ташкил этган эди. Мазкур учрашув давомида тур операторлик компаниялари ваакиллари томонидан Фарғонадан Урганчга тўғридан тўғри қатновларни йўлга қўйиш масаласи кўтарилганди.
Тадбиркорлар томонидан мазкур қатнов нархлари, ҳаракатланиш графиклари ҳақида берилган таклифлари инобатга олинган ҳолда Урганч-Фарғона-Урганч қатнови нархи бир томон учун 314702 сўмдан, икки томон учун эса 596849 сўмдан бошланиб, ҳафтанинг ҳар чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилиши белгиланди.
Фарғона вилоятида фаолият олиб борувчи тур операторлар томонидан ҳамда кўп сонли аҳолининг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда бугун Урганч-Фарғона-Урганч авиақатновининг илк парвози амалга оширилди.
Ушбу қатновда ҳаракатланувчи йўловчилар мазкур қатновлар ташкил этилганидан бағоят мамнун эканликлари қилинаётган ислоҳотлар инсон манфаати учунлигидан яна бир далил бўла олади.
Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, мазкур қатнов графигига кўра Урганчдан 09:20 да учган учоқ Фарғонага қўниш вақти 11:10, Фарғонадан 12:00 да учган самолёт 13:40 да Урганч аэропортига қўниши белгиланган.
Қарийб 1200 км масофа қисқа вақт оралиғида босиб ўтилиши энг аввало туризм ихлосмандлари ҳамда ишбилармон доира вакиллари учун қатор қулайликларни яратиши билан аҳамиятли саналади.
Шундан келиб чиққан ҳолда бу йўналишларда келгусида талабга қараб қўшимча қатновларни йўлга қўйиш белгиланган.
Фарғона вилояти Транспорт бошқармаси ахборот хизмати