Коррупция бир давлат эмас, балки бутун бир минтақа ёки жаҳон тараққиётига таҳдид солувчи иллатдир. Чунки у демократия ва ҳуқуқ устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, иқтисодиётни издан чиқаради, уюшган жиноятчиликнинг кенг ёйилишига шароит яратиб беради.
Коррупцияга қарши курашиш кўп ҳолда унинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этишдан иборат бўлади.
Коррупцияга йўл очадиган омиллар сирасига ҳокимият органлари тизимининг мураккаблиги, буйруқбозлик таомилларининг кўплигини киритиш мумкин. Тақиқлар, рухсат бериш тартибларининг ҳаддан ташқари кўплиги, давлат хизматчиларининг манфаатлари етарлича ҳимоя қилинмагани ҳам коррупцияга йўл очади.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Хусусан, 1997 йили қабул қилинган Миллий хавфсизлик концепциясида коррупция мамлакатнинг миллий хавфсизлигига таҳдидлардан бири дея эътироф этилди. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурида ҳам коррупцияга қарши курашиш масалалари белгиланган.
Ўзбекистон 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-йорк, 2003 йил 31 октябрь), 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашишнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилган. Шунингдек, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.
Ушбу тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 январида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонунда коррупцияга қарши курашувчи давлат органлари белгиланган бўлиб, булар: Бош прокуратура; Миллий хавфсизлик хизмати; Ички ишлар вазирлиги; Адлия вазирлиги; Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментидир.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, коррупияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишда давлат органлари билан жамоатчиликнинг мустаҳкам ҳамкорлиги, хусусан, жамоатчилик назорати талаб этилади.
Жамоатчилик назорати давлат органлари фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдорлари инсон хуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминловчи қонун ҳужжатларига риоя этмаган ҳолатларни аниқлашга қаратилган, жамоатчилик назорати субъектлари томонидан қонун доирасида олиб бориладиган чора-тадбирлар мажмуидир.
Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг маслагига айланиши керак. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда ҳам аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик институтларига кенг ваколатлар берилган бўлса-да, бу борада ҳали муаммолар кўп. Мисол сифатида:
– фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан назоратнинг ўрнатилмагани;
– давлат бошқаруви органларида коррупция даражасининг камаймаётгани;
– коррупцияга қарши курашувчи давлат органлари билан халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ташкил этиш борасида муаммоларнинг мавжудлиги;
– коррупцияга қарши курашувчи давлат органлари фаолиятининг етарлича шаффоф эмаслигини кўрсатиш мумкин.
А.ЭРГАШЕВ, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси