Россия қўшни давлатлардан мамлакатга кириб келаётган барча меҳнат муҳожирларини мажбурий геномик рўйхатга олишни жорий қилиши ва миграция қонунчилигини кодлаштириши мумкин. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси раиси Aлександр Бастрикин «Интерфакс»га берган интервьюсида маълум қилди.
Янги меъёрий ҳужжатда у миграциянинг барча шаклларини, шунингдек, чет элликларни ҳисобга олиш билан боғлиқ нормаларни ишга жойлашиш учун квоталар берилган ҳолда рўйхатга олишни, шунингдек, мигрантларни рўйхатга олиш, уларнинг бармоқ изларини олиш ва бошқа тартибларни аниқ белгилашни таклиф қилди.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг чегарачилар билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби белгиланиши керак, бу миграция назоратини янада самаралироқ қилади.
«Бундай чора-тадбирлар миграция жараёнлари устидан назоратни жиддий равишда кучайтиради, жиноятчиларнинг меҳнат бозоримизга кириб келишига қўшимча тўсиқ қўяди, ҳуқуқ-тартибот идоралари эса улар содир этган жиноятларни янада муваффақиятли фош этади», – дея тушунтирди тергов қўмитаси раиси.
Қайд этилишича, 2020 йилнинг январь–июнь ойларида Россияда хорижликлар томонидан содир этилган 17 мингдан ортиқ, 2021 йилнинг биринчи ярмида эса 19 мингга яқин жиноятлар тергов қилинган.
«Ҳозирги вақтда меҳнат муҳожирларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари кўпайган, улар иштирокида жамоат тартибини қўпол равишда бузиш, оммавий муштлашувлар содир бўлмоқда. Криминологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, меҳнат муҳожирларининг тажовузкорлигининг кучайиши иш берувчилар томонидан уларнинг ижтимоий-маиший шароитларини нотўғри ташкил этиш, шунингдек, Россияга ишлаш учун келганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг имкони йўқлиги билан боғлиқ, улар бу ҳақда хабардор бўлиши керак», – деди Aлександр Бастрикин.