Январ-март ойларида Ўзбекистонда 1491 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилиб, уларда 394 киши ҳалок бўлди, 1168 киши жароҳатланди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ хабар берди.
Энг кўп ЙТҲ Фарғона вилояти — 210 та, Тошкент вилояти — 208 та ва Тошкентда — 170 та содир бўлди.
620 та авария пиёдалар, 162 таси велосипедчилар, 95 таси болалар ва 10 таси мотоцикл ҳайдовчилари иштирокида содир бўлди.
Аварияларга асосан тезликни ошириш — 37,8%, пиёдалар ўтиш йўлаклари йўқлиги сабабли белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтиш — 15,3%, устувор ҳуқуққа эга транспорт воситасини ўтказиб юбормаслик — 12,4%, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш — 7,6% сабаб қилиб келтирилган.
Шунингдек, йўл ҳаракатини нотўғри ташкил этиш ва сифатсиз йўллар (4,2%) ҳамда велойўлаклар бўлмаган жойларда велосипедчиларни уриб юбориш (4,2%) ҳам ЙТҲларнинг асосий сабаблари сифатида тилга олинди.
Ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги барча аварияларнинг 5,8 фоизига сабаб бўлган бўлса, рулда ухлаб қолиш 3,3%, автомобилни маст ҳолатда бошқариш 2,6 фоиз ЙТҲга олиб келган.