«Меҳнат шартномаси 1 мартдан бекор қилиниши ҳақидаги билдирув хати билан ходим 1 январда ёзма тарзда огоҳлантирилди. Лекин, ходим билан иш берувчининг келишуви асосида ушбу огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилди ва ходим билан меҳнат шартномаси 1 январдан бекор қилинди.
Ходимга огоҳлантириш муддатига мутаносиб равишда (январь, февраль ойлари учун) пуллик компенсация ва бир ойлик (январь учун) ишдан бўшатиш нафақаси тўланди. Агарда ходим, ишга жойлашмаганлигини меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхаси билан тасдиқласа (электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхасида кўрсатилган маълумотлар тўғрилигини текшириш my.mehnat.uz электрон манзили бўйича электрон меҳнат дафтарчасининг ноёб рақамини киритиш ёки мобил телефон ёрдамида QR-кодни сканер қилиш орқали амалга оширилади), Меҳнат кодексининг 67-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган иккинчи ой (февраль) учун ўртача ойлик иш ҳақини март ойида олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ушбу ходим, меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг 30 (илгари – 20) календарь кун ичида, яъни 2 январдан 31 январгача бўлган муддатда маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса ва апрель ойида бу тўғрисида меҳнат органининг маълумотномасини тақдим қилса, унга учинчи ой (март) учун ҳам илгариги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақи тўланади».
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.04.2021 йилдан кучга кирди.