Жорий йилнинг 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида давлат кадастрларини юритишнинг янги тизимини самарали ташкил этиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Мажлисда охирги олти ойда бу йўналишда олиб борилаётган кескин кураш ўз натижасини бераётгани қайд этилди. Кўрилган чоралар натижасида бир қатор мансабдор шахслар қўлга олинган бўлиб, уларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳамда тегишли жазо чоралари белгиланиши айтилди.
Жумладан, Қибрай тумани ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Ж. Машрабов 2020 йилнинг 11 июнь куни Қибрай туманидан 9 гектар бўш ер майдонини 60 минг АҚШ долларига сотишни таклиф қилиб, $35 мингга сотаётган вақтда жиноят устида қўлга олинган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги капитал қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б. Алламуратов Чилонзор туманидаги инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Х.Шукуралиевга 2020 йилнинг 25 июнь куни Чилонзор туманидаги 1 гектар ер майдонини $1 млн. 400 мингга сотаётган вақтда қўлга олинган.
Андижон вилояти, Марҳамат тумани ҳокими ёрдамчиси У. Алижонов 2020 йилнинг сентябрь ойида яқин алоқалари орқали Марҳамат тумани ҳудудидан 11 га ер майдони ажратиш учун жами $29 минг миқдоридаги ноқонуний пулни олаётган вақтда жиноят устида ушланган.
Фарғона вилояти, Бувайда тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари М. Деҳқанов жорий йилнинг октябрь ойида Бувайда туманида жойлашган “Эркин иқтисодий ҳудуд”дан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун 50 сотих ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига $20 минг олган вақтида жиноят устида қўлга олинган.
Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари А. Тўймачов, Кадастр бўлими бошлиғи И.Қорабоев билан биргаликда 2020 йилнинг 18 март куни Оққўрғон туманида жойлашган 1,5 га ер майдонини $1,5 мингга сотаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимининг ўринбосари З. Мирзаходжаев 2020 йилнинг октябрь ойида Бўстонлиқ туманида жойлашган 5 сотих ер майдонини $25 мингга сотаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.