Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига кўпчилик овоз билан тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда.
БМТ Янгиликлар маркази маълумотига кўра, 15 давлат 2021 йил 1 январдан бошлаб уч йиллик муддатга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзолигига сайланган. Улар — Боливия, Хитой, Кот-д’Ивуар, Габон, Куба, Франция, Малави, Мексика, Непал, Покистон, Россия, Сенегал, Украина, Ўзбекистон ва Буюк Британия.
БМТ Бош ассамблеяси органи ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга 47 та давлат аъзо ҳисобланади ва Кенгаш аъзолари уч йиллик муддатга яширин овоз бериш йўли билан сайланади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, шу қаторда, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасини янада ривожлантириш мақсадида президент фармони билан шу йилнинг 22 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Йўл харитаси ҳам тасдиқланганди.