1 августдан Ўзбекистоннинг барча ҳудудий аэропортларида «Очиқ осмон» режими жорий этилади, дея хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати. 12 июнь куни Ўзбекистон транспорт вазири бу ҳақдаги тегишли буйруқни имзолади.
«Очиқ осмон» режими 1 августдан бошлаб Халқаро ҳаво линиялари бўйича транзит тўғрисидаги битим (ИАТА) «Қиш 2022/2023» мавсуми якунигача икки йил муддатга уни узайтириш ёки шартларни ўзгартириш имконияти билан Қарши, Нукус, Термиз, Бухоро, Навоий, Урганч, Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд шаҳридаги аэропортларида «бешинчи ҳаво эркинлиги» ҳуқуқини қўллаган ҳолда жорий этилади.
Буйруққа мувофиқ «Очиқ осмон» режими:
Қарши, Нукус, Термиз, Бухоро, Навои ва Урганч шаҳридаги аэропортларда ҳеч қандай чекловларсиз;
Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд шаҳридаги аэропортларда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига аъзо давлатларнинг авиакомпанияларига кўрсатилган аэропортларга уларнинг техник имкониятларини инобатга олган ҳолда парвозлар сони чекловларисиз Ўзбекистон тайинланган ташувчилари фойдаланмаган йўналишларда «бешинчи ҳаво эркинлиги» ва йўловчи парвозларини амалга ошириш ҳуқуқи билан;
Самарқанд шаҳридаги аэропортда қайта таъмирлаш ишлари якунлангач жорий этилади.
Мазкур режимга мувофиқ, Навоий ва Термиз шаҳридаги аэропортларда хорижий авиакомпанияларга юк ташиш парвозларини амалга ошириш учун «еттинчи ҳаво эркинлиги»га қадар бўлган ҳуқуқлар берилади.
Янги ҳаво йуналишларини очишга қизиқиш билдирган ёки парвозлар сонини оширишни режалаштирган хорижий авиакомпаниялар керакли ҳужжатларни ўрнатилган тартибда Транспорт вазирлиги қошидаги Авиация агентлигига ва Ҳаво транспортини ривожлантириш департаментига топшириши лозим. Ушбу масала юзасидан барча мурожаатлар қисқа фурсатда кўриб чиқилади, дейилади хабарда.
Маълумот учун, «Очиқ осмон» режимида халқаро авикомпанияларга мамлакатдаги аэропортлар ва улар кўрсатадиган хизматлар очиқ бўлади. Ушбу режим транзит парвозларни амалга ошириш имкониятини тақдим этиши билан бир қаторда, авиакомпанияларнинг нарх сиёсатига аралашмаслик, самолётлар ва уларнинг қуввати турларига алоқадор чекловларнинг мавжуд эмаслиги каби устунликларга ҳам эга.