Халқаро Transparency International коррупцияга қарши ташкилоти 2019 йил учун коррупцияни қабул қилиш индексини эълон қилди.
Ўзбекистон рейтингдаги 180 ўриндан 153-поғонани эгаллаб, 2018 йилдагига нисбатан 5 та ўринга юқорилади. 100 балли кўрсаткич бўйича Камерун, Марказий Африка Республикаси, Комор ва Тожикистон бир хилда 25 балл тўплади.
Умуман олганда, 19 давлатни ўз ичига олган Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси 100 баллдан 35 балл тўплади. Фақат учта давлат — Грузия (56 балл), Белорусия (45) ва Черногория (45) дунё бўйича ўртача кўрсаткичларидан юқори натижа қайд этди. Минтақадаги энг ёмон кўрсаткичлар Туркманистон (19), Ўзбекистон ва Тожикистонга (25тадан) тегишли.
«Агар сиёсий раҳбарлар ижтимоий манфаатларга устувор аҳамият бериб, шаффофлик намунасини кўрсатсалар, коррупцияга қарши самарали курашиш мумкин», дейилади ҳисоботда.
2019 йилда 180 мамлакатнинг учдан икки қисмидан кўпроғи ўртача 50 дан кам балл тўплаган, ўртача 43 бални ташкил этди. Рейтингда биринчи ўринни 87 очко билан Янги Зеландия ва Дания эгаллади. Ундан кейин Финляндия (86), Сингапур (85), Швеция (85) ва Швейцария (85) бормоқда.
Рейтингнинг сўнгги поғоналарини эса 9, 12 ва 13 балл билан Сомали, Жанубий Судан ва Сурия эгаллаб турибди.