Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга, эртанги истиқболга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавфлардан бири коррупциядир. Мамлакатимизда кейинги пайтларда коррупцияга қарши кескин курашиш ҳамда унинг олдини олиш борасида аниқ чоралар кўрилаётганига қарамай, ушбу иллатни таг-томири билан қўпориб ташлашга, бундай салбий ҳолатларга тўлиқ барҳам беришга эришилганича йўқ.
Шуни эътиборга олган ҳолда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу борадаги илғор хорижий тажрибалар ва Конституциямиз талаблари асосида Олий Мажлис палаталарида Коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмиталар ташкил қилишни таклиф этган эди. Ушбу қўмиталар барча бўғиндаги давлат идораларида коррупцияга қарши курашни янада кучайтиришга вакиллик органи сифатида муносиб ҳисса қўшиши лозимлиги қайд этилган эди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур топшириғидан келиб чиқиб, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ташкил этилмоқда.
Ушбу қўмитага давлат органлари ва муассасаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички дастурларни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этиш жараёни устидан парламент назоратини амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларини уларда коррупцияга олиб келувчи нормаларнинг мавжудлигини аниқлаш, таҳлил қилиш каби қатор вазифалар юклатилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига янги қўмитани ташкил этиш масаласи ҳам киритилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Матбуот хизмати