Электр тармоқлари раҳбари ва бош муҳандис пора олаётганда қўлга тушди

«Фарғона электр тармоқлари» ҳудудий корхонаси бошлиғи ва бош муҳандиси пора олаётган вақтда ушланди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Тезкор тадбир Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Фарғона вилоят бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилди.

Мансабдор шахслар «А» хусусий корхонасига тегишли автомашиналарга газ қуйиш шохобчаси ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 5500 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 4000 АҚШ долларини хусусий корхона бош муҳандисидан олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Қўлга олинган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-модда 2-қисм «в» ва «г» бандлари (бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб пора олиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.