16–20-март кунлари Тошкентда эшитиш имплантлари билан эшитадиган болалар ва ёшлар учун фотография санъати бўйича қатор маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Лойиҳада иштирок этаётган болаларнинг аксарияти туғма кар бўлиб, кохлеар имплантлар уларга товушлар ва овозлар дунёсида бўлиш имконини берди. “Canon” компанияси семинарларни эшитиш қобилияти заиф болалар янги нарсаларни ўрганиши, қизиқарли фотография оламига шўнғиши, ўз қобилиятларини синаб кўриши ва ижодкорлик орқали ўзига ишончни пайдо қилиши ҳамда тасвирий санъат кўникмаларини ривожлантириши учун ташкил этди. Маҳорат дарслари ўзини намоён қилиш имкониятини беради, бу эса уларнинг ўзига бўлган ҳурматини оширади ҳамда жамиятда яхшироқ мослашиш ва ижтимоийлашишга ёрдам беради.
Тошкент “Canon” компанияси Марказий Осиёда болалар ва ёшлар учун фотография бўйича маҳорат дарсларини ўтказаётган биринчи шаҳардир. Ёшлар дастури (Canon Young People Programme) “Canon” компаниясининг халқаро ташаббуси бўлиб, дунёнинг турли давлатларида ўзининг долзарблиги ва самарадорлигини исботлаган. 2023-йилда дастур 33 мамлакатнинг 1500 нафардан ортиқ ёшларини қамраб олди ва дунёнинг кўплаб давлатларида 400 нафардан ортиқ воркшоплар ўтказди. Ушбу дастур илҳомлантириш, ўргатиш ҳамда фикр ва ғояларни ифодалаш учун мўлжалланган. Фотография бўйича маҳорат дарслари – бу нафақат техник маҳорат ва ижодий визуализация. Тренинг давомида иштирокчилар жамият учун долзарб бўлган масалаларни фотосуратларга айлантиришга интилишади.
Маҳорат дарслари концепцияси БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига асосланади. Ҳар бир иштирокчи ўзига яқин ва ўзи бефарқ бўлмаган мавзуни танлайди ва интенсив машғулотларда олган кўникмалари ёрдамида уни визуализация қилишга интилади. Бу жисмоний ва маънавий саломатликни сақлаш, ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш, жамиятда тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиш, атроф-муҳитни асраш каби мавзулар бўлиши мумкин.
Тошкентда маҳорат дарсларини ўтказиш учун фотограф ва видеограф Кахабер Мшвидобадзе таклиф қилинди. Унинг ишлари “NationalGeographic” журналида чоп этилган. Кахабер УЕФA ва Грузия футбол федерацияси билан ҳам ҳамкорлик қилади. Тбилиси кино коллежида ўқитувчи сифатида Кахабер ёшларни фотография санъати орқали тарбиялашга фаол ёрдам беради ва визуал санъат соҳасига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшмоқда.
“Фотография универсал тил бўлиб, унда сўзлар талаб қилинмайди. У ҳис-туйғуларни суратга тушириш, ҳикояни етказиш ва ноёб салоҳиятни кашф қилиш имконини беради. Мен ушбу лойиҳанинг бир қисми бўлганимдан ва болаларни ижодий кашфиётлар сари илҳомлантиришимдан хурсандман. Фотографияда чегаралар бўлмайди, сўзлар талаб қилинмайди — у ҳис-туйғулар, ёруғлик, лаҳзалар билан гапиради. Бугун биз болаларга ўзини намоён қилишнинг ушбу кучли воситаси билан яқинлашишга ёрдам берамиз”, — деди маҳорат дарси раҳбари, грузиялик фотограф Кахабер Мшвидобадзе.
“Canon YPP” ёшларни нафақат камера билан ишлашга доир техник маҳоратга ўргатиш, балки танқидий фикрлаш, ижодий ёндашиш ва барқарор ривожланишнинг муҳимлигини англаш билан ҳам қуроллантиришни мақсад қилган. Лойиҳа иштирокчиларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам беради ҳамда чекловлар ижодкорлик ва ўзини ўзи намоён қилиш учун тўсиқ эмаслигини кўрсатади.
“Биз тасвир ўзгаришларнинг асосий воситасига айланиб бораётган даврда яшаяпмиз. Тасвир кучи ҳаётни ўзгартириши мумкинлигига ишонамиз. “Canon Ёшлар дастури” шунчаки фотография бўйича ўргатиш билан чекланиб қолмай, балки ёшларга овоз бериб, ўз қадр-қимматини англаш ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам беради. Эшитишда нуқсони бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ўзини ифода этиш учун майдон тақдим этиш имкониятидан мамнунмиз. Камера объективи орқали болалар нафақат янги дунёни кашф этадилар, балки илҳомлантирувчи, ҳис-туйғуларни уйғотадиган ва жамият ҳақидаги тасаввурни ўзгартириши мумкин бўлган ҳикояларни айтиб беришни ҳам ўрганадилар”, — деди “ Canon Қозоғистон” компаниясининг корпоратив коммуникациялар бўйича менежери Марал Раҳимжанова.
Маҳорат дарслари давомида ёш иштирокчилар — кохлеар имплант қўйилган болалар ва ўсмирлар фотография ва видео суратга олиш асослари: фотография жанрлари ва турлари, фотоаппарат ва объектив қандай ишлаши, экспозиция нима, диафрагма ва тортишиш тезлигини созлаш техникалари билан танишадилар. Ҳар бир дарс назарий ва амалий қисмдан иборат. Лойиҳа иштирокчилари портретларни суратга олишни ўрганадилар, табиатда суратга олишда ўзларини синаб кўрадилар ва сторителлинг жанрини ўзлаштирадилар.
Маҳорат дарслари кохлеар имплантлар ишлаб чиқарувчи “ Med-El” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Кохлеар имплант (инглизча Cochlear) — бу тўғридан-тўғри эшитиш нервига таъсир қилувчи ва нейросенсор (сенсоневрал) эшитиш қобилиятини йўқотишнинг аниқ ёки оғир даражаси бўлган баъзи беморларда эшитиш қобилиятининг ўрнини босишга имкон берадиган тиббий асбоб (протез). Кохлеар имплантация туғма ва орттирилган эшитиш қобилиятини йўқотишларда амалга оширилади. Кўпгина болалар болаликдан эшитиш қобилиятини йўқотган ёки туғилгандан бери кар бўлганлиги сабабли, имплантациядан сўнг улар товушлар дунёсига кўникиш учун реабилитация ва мослашиш даврига муҳтож. Фотография бўйича маҳорат дарсларида қатнашиш болаларни реабилитация қилиш ва мослаштиришнинг узоқ муддатли жараёнида муҳим рол ўйнайди.
Муродилла Aбдуназаров олти ойлигида бахтсиз ҳодиса туфайли эшитиш қобилиятини йўқотган. Ҳозир у 13 ёшда. Кохлеар имплантациядан олдин у тенгдошлари билан умумий тил топишда қийналган ва 2021-йилда операциядан кейин эшитиш қобилиятига эга бўлиб, дўстлар орттириш, умумтаълим мактабига бориш ва севимли машғулоти — расм чизишга кўпроқ эътибор бериш имконига эга бўлди.
Муродилланинг онасини сўзларига кўра, у беш ёшидан бошлаб расм чизиш билан шуғулланган — илк расмларини деворларда чизган. Кейин Муродилла ўзига яқин одамларнинг портретларини чиза бошлади. Унинг ўзи портретларни қандай чизган бўлса, худди шундай суратга олишни ҳам билиш учун фотографияга ўрганишни хоҳлайди.
“Canon” ва “Med-El” ёшларни ижод ва ўрганишга илҳомлантириш, болаларда ўзларига бўлган ишончни пайдо қилиш ва уларнинг келажакдаги касбига айланиши мумкин бўлган севимли машғулотини топишга ёрдам берадиган янги имкониятларни ўрганиш учун бирлашишди.
“Canon” учун ҳар бир маҳорат дарси ҳар бир инсон эшитилиш ва кўрилиш имкониятига эга бўлган ҳамда ўзининг ички салоҳиятини рўёбга чиқара оладиган инклюзив жамиятни яратишдек катта мақсад сари кичик қадамдир.